Жаҳон | 18:16 / 24.12.2016
6810
2 дақиқада ўқилади

Шотландияга кучли довул ёпирилди

Фото: Reuters

Шотландия шимолига “Барбара” довули ёпирилди. Бунинг оқибатида 100 дан ортиқ мактаблар ёпилган. Хабар қилинишича, электр таъминотида узилишлар ва транспорт билан муаммолар юзага келган. Бу ҳақда Би-би-си хабар бермоқда.

Бир неча туманларда шамол кучи соатига 128 километр тезликни ташкил қилган. Ҳукумат жумадан бошлаб 8,5 минг бола таҳсил олувчи 120 дан ортиқ мактабни ёпиб қўйди. Эдинбургда кучли шамоллар туфайли томоша боғлари, шаҳар бозори ва авлиё Эндрю майдони ёпилган.

Табиий офат оқибатида 19 мингдан ортиқ уй ва идоралар чироқсиз қолган. Улар асосан Льюис-энд-Гаррис оролида жойлашган. Жума куни эса поездлар ҳаракати ва авиапарвозлар қатнови тўхтаб қолди.

Об-ҳаво мутахассисларининг башоратига кўра, яқин бир неча кун ичида баъзи туманларда шамол кучи соатига 144 километр тезликни ташкил қилиши мумкин. Тахминларга қараганда, “Барбара” Шимолий Ирландия, шунингдек Уэльс ва Англиянинг шимолий туманларига ҳам зарар етказиши мумкин.
 

Мавзуга оид