Шу йил 21 декабрь куни сайтимизда «Мижоз эмас, «Uzonline» ҳар доим ҳақми?» сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинган эди. Унда, интернет провайдерлик хизматини кўрсатувчи компания фаолиятига оид айрим нуқсонлар ҳақида сўз борганди. «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси ушбу мақола юзасидан таҳририятимизга тушунтириш мактуби йўллаб, интернет хизматидаги нуқсонлар турли омиллар боғлиқ бўлиши мумкинлигига ойдинлик киритган. Мазкур хатни сиз ўқувчиларга ўз ҳолича ҳавола қилишга қарор қилдик!

Ҳурматли KUN.UZ таҳририяти!

 «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси мамлакатимизда АКТ ривожи тўғрисида  материаллар эълон қилиб бораётганингиз, жумладан, телекоммуникация ва Интернет тармоқларининг ривожи ва абонентларнинг интернет тармоғига уланишидаги муаммолар ҳақидаги танқидий  материаллар учун Сизга миннатдорчилик билдиради.

Жорий йилнинг 21 декабрь куни www.kun.uz сайтида «Мижоз эмас, «Uzonline» ҳар доим ҳақми?» сарлавҳаси остида эълон қилинган танқидий мақолани компания раҳбарияти ва техник хизмати мутасаддилари диққат билан ўрганиб чиқдилар.

 Биз хизматларимиз сифатини яхшилашга йўналтирилган конструктив танқидга жуда ижобий ёндашамиз, шу сабабли мазкур мақола материаллари абонентларга хизмат кўрсатиш ва тармоққа кенгполосали уланиш сифатини яхшилаш мақсадида компания мутахассислари ва техник хизмати ходимлари томонидан ҳар томонлама ўрганилди.
Сизнинг тармоқ нашрингиз орқали компания абонентлари билан мулоқот сифатида замонавий технологиялар ёрдамида Интернетга уланиш хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ айрим масалаларга ойдинлик киритамиз. Интернет тармоғига уланиш имконини берувчи замонавий технологиялар ўта мураккаб дастурий-аппаратли комплексларни ўз ичига олади, уларнинг ишига кўплаб қатор ҳолатлар, объектив ва субъектив сабаблар таъсир кўрсатади. Бу хизмат кўрсатаётган провайдер ускуналари ва дастурий таъминотлар, “охирги нуқта” деб аталувчи абонентларгача маълумотлар узатишни амалга оширувчи телекоммуникация тармоқлари ва албатта, хизматдан фойдаланувчи абонентнинг ўз шахсий ускуналари ҳамда имкониятларидир. 

 «Мижоз эмас, «Uzonline» ҳар доим ҳақми?» мақоласида муаллиф тезлик фақат провайдерга боғлиқлиги ва шартномада қайд этилган тезлик (оферта)да кўрсатилиши кераклиги ҳақида ёзган. Биз мазкур ҳолатга ойдинлик киритишни хоҳлардик. Умумий жиҳатдан, кенгполосали тармоқ хизматларига уланиш тезлиги ва сифати  билан боғлиқ муаммоларни кўриб чиқмоқчимиз.