Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси қисқа даврдаги фаолияти давомида аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мурожаатларнинг аксарият қисми тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, қонунчиликка зид бўлган идоравий қарорларни бекор қилиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой-коммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифатини яхшилаш масалалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг фаолияти юзасидан келиб тушмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси фаолияти давлат органларининг мурожаатлар билан боғлиқ ишни ташкил этишда уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларига, расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларига доир қатор тизимли камчиликларни аниқлади.

2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани муносабати билан ҳамда аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси иши тўғрисидаги кўплаб ижобий фикрларини эътиборга олиб, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида:

1. Қуйидагилар тузилсин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси – Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари (бундан буён – Халқ қабулхоналари) – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси (бундан буён – Виртуал қабулхона).

2. Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонанинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (бундан буён – мурожаатлар) билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш;