Интеллект даражасини ошириш ва мияни ишлашга мажбурлаш ўйлаганингиздан-да осонроқ. Лайфхакер нашри сизга ақл салоҳиятини оширишнинг 10 оддий, илмий синалган усулини тақдим этади. 

 

1. Мияни ишлатинг

Агар сиз ҳеч бўлмаганда бир марта ҳозиргидан-да ақлли бўлиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрган бўлсангиз, жуда яхши. Интеллектуал хусусиятларни ривожлантиришга оид фикр-мулоҳазалар мақсадга эришиш йўлидаги илк қадамдир.

Қизиқувчан бўлинг, доимо янги билимлар орттиринг, ўзингизни қизиқтирувчи жараёнларни ўрганинг, тушунарсиз нарсаларнинг тубига етинг. Шунда атрофингизда ўрганилмаган қанча нарсалар борлигини кўриб ҳайратланасиз. 

Нима қилиш керак?

Мияни фойдали иш билан банд қилинг, бирор янги машғулот билан шуғулланинг. Янги кўникмаларга эга бўлиш ақлий фаолиятингизда ижобий акс этади.

 

2. Китоб ўқинг

Ўқиш нафақат сўз бойлиги ва дунёқарашни кенгайтиради, балки тасаввурни ривожлантиришга ҳам ёрдам беради. Китоб мутолаа қилаётганимизда биз янги дунёга шўнғиб кетамиз. Агар сиз ҳиссий интеллектингизни оширмоқчи бўлсангиз, яхши китобларни кўпроқ ўқинг. Бу мия фаолиятини яхшилашнинг энг самарали усулларидан биридир. 

Нима қилиш керак?

Кутубхонага аъзо бўлинг, онлайн китобларни ўқиш мумкин бўлган сервисга ёзилинг, анчадан бери ўқишни ният қилган китобларингиз рўйхатини тузинг. Ўз олдингизга ҳар ойда биттадан китоб ўқишни мақсад қилиб қўйинг. 

 

3. Ҳиссиётларга эркинлик беринг

Ҳис-туйғуларимизни назорат қилишга ёрдам берувчи ҳиссий интеллект мавжуд, шунингдек тизимли фикрлашимизга жавобгар рационал интеллект бор. Қоидага кўра, кўпроқ рационал интеллектга эътибор қаратилади, бироқ буни эса тўғри деб бўлмайди. 

Ҳиссий интеллект ҳақида ҳам унутмаслик керак, зеро у доимий ўзгаришларга мослашиш ва муаммоларни оператив ҳал қилишга ёрдам беради.