Жаҳон | 18:28 / 04.01.2017
11787
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев қисқа муддатли таътилда экани маълум бўлди

Нурсултан Назарбаев.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қисқа муддатли таътилда, деб хабар беради Tengrinews.kz мамлакат президенти матбуот хизматига асосан.

Давлат раҳбарининг расмий сайтида президент қисқа муддатли таътилга чиққани ҳақида маълумот берилган.

Аввалроқ, Нурсултон Назарбоев барча қозоғистонликларни кириб келган янги 2017 йил билан табриклаб, бу йил "бутун Қозоғистон ва ҳар бир қозоғистонлик учун ўзгача бўлиши"ни таъкидлаб ўтганди.

"Мамлакатимиз йирик халқаро тадбирларни қабул қилиб олади. Олма-отада бутунжаҳон қишки Универсиада баҳслари ўтказилади ҳамда унда қатнашиш учун рекорд миқдордаги давлатлардан энг яхши спортчилар келади. Остона эса бутун дунёдан ташриф буюрадиган меҳмонларни EXPO "Келажак қуввати" кўргазмасида кутиб олади. Қозоғистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси сифатидаги ўз мажбуриятларини бажаришга киришади. Буларнинг барчаси давлатимизга бўлган жиддий ишончдан дарак бериб, унинг ривожланиши учун янги рағбатдир", - деди Қозоғистон раҳбари.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Остонада 23 январь куни Сурия бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Аввалроқ Нурсултон Назарбоев Путин ва Эрдўған билан телефон орқали мулоқотда ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, Қозоғистон пойтахтида бундай музокараларни ўтказиш учун барча шароитни яратишга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга оид