Оппоқ либос. Оқ либосни юзи нурли, нажот кутиладиган инсон – шифокорлар кияди. У ҳамиша оғир кунларимизда, қийинчилик дамларимизда жонимизга оро кирган. Тишимиз оғриса ҳам, бошимиз оғриса ҳам фақат унинг ёнига нажот – шифо истаб борамиз. Дардимизга шифо топсак, шифокоримиз қадрдон ака-укамиз, опа-синглимизга айланиб қолади. Баъзан яхши ниятлар ила шифокор, ҳамшираларнинг исмини фарзандимизга, набираларимизга қўямиз – у ҳам катта бўлганда инсонларни даволасин, дардига малҳам бўлсин деб. Зеро, динимиз инсонларга фойда келтирган, оғирини енгил қилганга улкан савоблар, ажрлар ваъда қилган. Шифокорлик мана шундай шарафли, савобли ҳамда масъулиятли касб!

Оқ либос поклик, ҳалоллик рамзи. Аммо шифокорликнинг оқ либосини кийиб қора ишлар (фидойи шифокорлардан минг бор узр сўрайман) қилаётганлари ҳам оз эмас. Баъзи шифокорлар пул илинжида, баъзилари обрў, баъзилари амал курсига ишқибоз бўлиб, ким эканлигини, нима иш қилиши лозимлигини унутиб қўяди – оқ либосига доғлар сочади.

Ўқувчим дарсга келмай қўйди. Тиши оғриб қолибди. Анча кун йўқ бўлиб кетди. Келгач, шунчаки тиши оғримагани, балки жарроҳлик операциясини бошидан ўтказганини айтиб қолди. Тиши оғриб стомотолог ҳузурига борибди. Доктор қуртлаган тишини игна билан тозалаётганида игна нерв каналлари орасида синиб, милкка санчилиб қолибди. Доктор синган игнани чиқармай, тишни ёпиб қўйибди. Укол таъсири тарқаб, оғриқ зўрайибди. Оғриқсизлантирувчи дориларнинг ҳеч бири таъсир қилмабди. Ҳолат ёмонлашавергач, бошқа шифокорга мурожат қилган. Рентген қилингач, милк орасида игнанинг учи борлиги маълум бўлган. Шифокор тишни суғуриб, милкни кесиб, игнани олиб ташлабди. Ўқувчим дарсга кела бошлади, аммо ҳали ҳам оғриқлари босилмаган, ўзига келмаган. Дарсда бошини қўйиб, ранги оқариб бир ҳолатда ўтиради.

*****

Дугонам бир неча йиллардан бери фарзанд кутади. Ҳар бир мақтови қилинган, ўзгалар фарзанд кўришига сабабчи бўлган шифокорнинг дарагини топса, дарров ҳузурига чопади, дардига шифо излайди. Бир куни хомуш ҳолда учратдим: шифокори ёзиб берган дори ва уколларини тополмаётган экан. Топганлари ҳам жуда қиммат бўлиб, ҳаммасини олишга имкони йўқлигидан кўзи тўла ёш. Дорихонага кирдик, рўйхатни кўрсатдик. Дорихоначи кулиб, бу дорилар ўрнига оддий антибиотиклар қабул қилса ҳам бўлишини, қоғозда ёзилган дори билан антибиотик таркиби бир хил эканлигини, фарқи бири ўзимизда, бири хорижда ишлаб чиқарилганилигида эканини айтиб қолди. Дугонам кўнмади. Доктор қаттиқ тайинлаган, олиб бормасам жаҳли чиқади, дея унамай туриб қолди. Бир амаллаб кўндирдик. Қиммат дорилар ўрнига оддий, таркиби бир хил арзонроқ доридан олдик. Дугонам муолажага шифокори ҳузурига кетди. Кейинги кун гаплашсак, шифокор дориларни кўриб уларни улоқтирганини, агар фарзанд керак бўлса, барча айтганларини сўзсиз бажаришини, “ҳеч нарсадан хабари йўқ аптекачилар”ни айтганини қилмай, “10 йил олийгоҳда ўқиган” докторга қулоқ солишини тайинлаган. Ўзи айтган дорилар фалон манзилдаги дорихонадан топилиши, бошқа ерларни қидириб овора бўлмаслигини таъкидлаган. Фарзанд кўриш учун ҳамма нарсага шай дугонам “хўп” дея яна дорихоналарни кезиб чиқибди. Охири баъзи таблеткалар, уколларни топган, баъзиларини топа олмаган. Топганларини муолажа бошлаш учун оилавий шифохонасига – доктор ёнига олиб чиқибди. Докторнинг чеҳраси бироз ёришиб, энди муолажани тезлик билан бошлаш кераклигини айтибди. Сўралган дориларнинг устки қисмини йиртиб олиб, дориларни бир тартибда ичишни ўргатаман дебди, муолажа бошлабди. Хуллас, қолган дориларни топиш учун саргардон бўлиб турган кунларида таниш шифокоримга қўнғироқ қилдик, дорилар ҳақида сўрадик. У ташвишли оҳангда “10 йил олийгоҳда ўқиган” шифокорга бормаслигимизни, бу қадар кучли дорига эҳтиёж йўқлигини қаттиқ тайинлади. Бунинг устига дугонамдан сўралган дорилар чет эл фирмалариники бўлиб, йиртиб олинган ҳар бир этикет учун 1-2 АҚШ долларида “хизмат ҳаққи” ажратилиши, бунинг устига оддий антибиотиклардан фарқ қилмаслиги маълум бўлди.