Жаҳон | 18:59 / 06.01.2017
7563
2 дақиқада ўқилади

Бразилиядаги қамоқхонада 30 дан ортиқ маҳбус жонсиз ҳолда топилди

Фото: © EPA/Antonio Lacerda

Бразилия шимолидаги қамоқхонада камида 33 маҳбус жонсиз ҳолда топилди. Бу ҳақда ушбу ҳолат юз берган Рорайма штати ҳукумати хабар берди.

"Адлия ва фуқаролик масалалари бўйича вазирлик 6 январь куни эрталаб "Монте-Кристо аграр пенитенциар муассасаси"да 33 та ўлим ҳолати қайд этилганини хабар берди. Вазият назорат остида, махсус амалиётлар батальони жангчилари (Бразилия ҳарбий полициясининг нуфузли бўлинмаси – таҳ.) ушбу қамоқхонада ҳудудида", - дейилади баёнотда.

Ҳужжатда воқеа нима сабабдан рўй берган хабар қилинмаган. Шу билан бир қаторда, UOL интернет-портали маълумотларига кўра, барча ҳалок бўлганлар наркомафиянинг икки душман гуруҳи қарама-қаршилиги оқибатида қурбон бўлишган. Нашрнинг хабар беришича, айни дамда ушбу қамоқхонада 1475 жиноятчи сақланмоқда, у эса аслида 750 кишига мўлжалланган.

Маълумот учун, Бразилия тарихидаги энг йирик қамоқхона исёни 1 январь куни Манаус шаҳрида юз берди. Ўшанда икки гуруҳ ўртасида бошланган қарама-қаршилик сабаб юз берган тартибсизликлар оқибатида 56 киши ҳалок бўлган.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид