Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов номидаги хайрия жамоат Фонди иқтидорли ёшларни чет элга ўқишга жўнатиш учун ҳужжатларни қабул қилишни бошлади.

Фонд сайтида бир қатор мутахассисликлар бўйича Европа ва АҚШ олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олиш учун Фонд грантлари тақдим этиш мақсадида республика ҳамда чет эл олий таълим муассасаларини муваффақиятли битирган, хорижий тилларни биладиган иқтидорли ва истеъдодли йигит-қизлар танлови бошлангани эълон қилинган.

Мутахассисликлар:

- Табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия манбалари, кимё);
- Сув ва ер ресурсларини бошқариш;
- Машинасозлик технологиялари;
- Озиқ-овқат технологиялари;
- Озиқ-овқат хавфсизлиги;
- Озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги;
- Архитектура (шаҳарсозлик, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш);
- Дизайн (маҳсулот дизайни, саноат ва меъморчилик дизайни)
- Рассомчилик.

Қайд этиш керакки, мутахассисликлар орасида битта ҳам гуманитар йўналиш йўқ.

Фонд чет элда (икки йилгача) таҳсил олиш ва яшаш харажатларини тўлалигича молиялаштиради.

Фонд грантини қўлга киритишни истаган номзодларга қўйиладиган асосий талаблар:

 - фаолиятини миллий истиқлол ғояларига бағишлаш, ватани ва халқининг иқтисодий ва маънавий равнақига хизмат қилишни ўз бурчи ва ҳаётий маслаги деб билиш;
- умумбашарий ва миллий қадриятлар руҳида фикр юритиш, кенг дунёқараш ва юксак ахлоқ соҳиби бўлиш;
- танлаган мутахассислиги бўйича чуқур билимга эга бўлиш ҳамда камида битта хорижий тилни аъло даражада билиш.

"Ислом Каримов номидаги республика хайрия жамоат фонди Ўзбекистонни, унинг маориф мактаби ва илмий анъаналарини чет элда муносиб тақдим этишда, танланган мутахассислик бўйича замонавий билимларни эгаллаш қобилиятини намоён этиш йўлида муваффақиятлар тилайди", дейилган эълонда.