АҚШнинг 44-президенти Барак Обама ўз сиёсий фаолияти давомида интернетдан фойдаланувчи ҳамда Twitter’да саҳифа юритган илк сиёсатчилардан бири бўлди. Бироқ Обама интернет кампанияларини муваффақиятли юритиш тажрибасини Ҳиллари Клинтонга етказа олмади, бу унинг президентлик сайловларидаги муваффақиятсизлигида асосий роллардан бирини ўйнади. “Газета.ру” нашри Обама ва интернет мавзусига тўхталиб ўтди.

Интернет Барак Обама учун сайловчилар билан муҳим алоқа воситаси эканлиги унинг президентлик лавозими учун биринчи кураши давридаёқ аён бўлди. Ҳозирда сиёсатшунослар 2008 йилги сайловлар электрон сайлов кампанияси каби феноменнинг пайдо бўлишига олиб келгани ҳақида дадил айтишлари мумкин.

Ўз рақиби – республикачи Жон Маккейнни – Обама айнан онлайнда мағлуб қилган.

Обама ўзининг технологиялар ва ўша пайтдаги BlackBerry смартфонига содиқлигини намоён этаётган бир вақтда унинг жамоаси тармоқлар орқали вирус каби оммалашган чорловлар ва видеороликларни кенг тарқатишди.

Таъкидлаш жоизки, Обама президентлик даврида BuzzFeed нашрининг доимий меҳмони бўлди. Бу вақтда эса бошқа сиёсатчилар ўз матбуот котиблари орқали жиддий агентликларга маълумот беришган.

Америка президенти эса мем ва тестларга ихтисослашган онлайн-медиа журналистлари билан суҳбатлашган.

Биринчи рақамли хоним Мишель Обама ҳам бу масалада турмуш ўртоғидан қолишмаган. 2016 йилнинг мартида у The Verge IT-нашрига интервью берди ва Оқ уйда ижтимоий тармоқлар қандай қўлланиши ҳақида сўзлади.

Сиёсатчи ҳатто видеоблогер ролида намоён бўлишдан ҳам тортинмаган. У ўз тарғиботини телевидение эмас, YouTube-канал орқали юритиб, таваккал қилган. Обама президентлик пойгасига салмоқли интернет ресурси билан киришди.

Ўша пайт унинг Facebook ижтимоий тармоғидаги дўстлари сони 2 миллиондан зиёд бўлиб, унинг Twitter микроблоги сервисидаги саҳифасига 125 мингдан ортиқ киши ёзилганди. Маккейнда эса – 622 минг (Facebook) ва 3 минг (Twitter) фолловер бўлган.