Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан тақдим этилган.

Президент ўз табрикларидан кейин Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасини қайта ишлаб чиқиш зарурати ҳақида гапирган.

Президент мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини ташкил этиш бу йўналишдаги биринчи қадам бўлиши даркорлигини маълум қилган. Билдирилишича, Ушбу ўқув маскани Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг шонли ҳарбий анъаналарини ва ҳозирги мавжуд академия ҳамда мамлакатимиздаги етакчи илмий-таълим муассасаларида тўпланган фаолият тажрибасини ўзига қамраб олади.

Ҳарбий билим юртида ҳақиқатан ҳам таълим олишга муносиб, юксак ақл-заковат ва етакчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш учун уларни ўқишга танлаб олишда талаб оширилади.

Шу мақсадда мамлакатнинг ҳар бир минтақасида икки-учтадан коллеж ва лицейни белгилаб қўйиш керак. Ана шу коллеж ва лицейлар ўзларининг асосий вазифалари билан бирга, олий ҳарбий ўқув юртларига кирадиган ёшларни чуқур тайёрлаш билан ҳам шуғулланади.

"Жаҳонда ва минтақада вазиятнинг ривожланиш динамикасини ҳисобга оладиган бўлсак, вужудга келадиган хавф-хатар ва таҳдидларга муносиб зарба бериш зарурати, шунингдек, бизнинг устувор вазифа ва имкониятларимиз Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасини қайта ишлаб чиқишни талаб этади", деган президент. 

Президент давом этади.

"Фақат ана шундай тизимли ёндашув биз учун миллий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона, мувофиқлаштирилган ва изчил стратегияни ишлаб чиқиш, мавжуд ресурс ва маблағларни устувор мақсадларга йўналтириш, уларни беҳуда сарфламаслик, иккинчи даражали вазифаларга чалғиб кетмаслик имконини беради. 

Иккинчидан, Қуролли Кучлар қурилишининг ташкилий тизимини янада такомиллаштириш лозим. Ҳарбий қурилиш соҳасида тўпланган тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ҳар қайси ҳарбий округнинг таркибий тузилиши ва вазифаларини аниқлаш даркор. Бу борада улардан айнан қайси вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланиш кераклиги, қўшинларнинг қўлланиш ва шунингдек, операцияларни ўтказиш йўналишлари бўйича ўзига хос хусусиятларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу билан бирга, бизнинг “ҳаво қалқонимиз” – Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўшинларини оптималлаштириш вазифаси ҳам катта эътибор ва ресурсларни сафарбар этишни талаб қилади. 

Қисқа муддатда уларнинг ташкилий тузилиши ва бошқарув тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш лозим.