13:57 / 12.07.2017
27136

Вазирлик сайтларни коллежлар мавзусидаги асоссиз хабарлар учун қонуний чоралардан огоҳлантирди

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мамлакатдаги интернет сайтларида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимига оид асоссиз хабарлар ва мақолалар аҳоли, ота-оналар ҳамда ёшларни жиддий ташвишга солаётганидан жиддий ташвишда эканини билдирди.

«Кун.uz» таҳририятига вазирнинг биринчи ўринбосари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори Муродулло Холмуҳамедов номидан мактуб келиб тушган.

Унда «UzNews», «Daryo.uz», «Кун.uz» ва бошқа қатор сайтлар коллежлар мавзусидаги асоссиз мақолаларни эълон қилиш нохуш ва кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкинлиги,  бу ҳолатда сайтларга жиддий қонуний чоралар кўрилиши эҳтимолидан огоҳлантирилган.

«Сизга шуни расман маълум қиламизки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги Ф-4941 сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича республика комиссияси" фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон республикаси бош вазири раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, кичик мутахассис кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Ҳозирда концепция доирасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланмоқда.

Шунингдек, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти кўрсатмасига мувофиқ, 2017-2018 ўқув йилида ота-оналарнинг истак ва хоҳишларига кўра тажриба-синов тариқасида умумтаълим мактабларида 10-синфда ўқишни давом эттириш имкони берилди.

Айни пайтда Республикадаги барча академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига 9-синф ўқувчиларининг ҳужжатларини қабул қилиш давом этмоқда.

Шу муносабат билан қабул жараёнлари давом этаётган энг муҳим жараёнда ушбу мавзуда турли ҳуқуқий асосга эга бўлмаган мақолаларни эълон қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини, ушбу ҳолат нохуш ва кўнгилсиз воқеаларга сабаб бўлиши, кескинлик, норозилик, турли тушунмовчиликларни келтириб чиқариши, натижада жиддий қонуний чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкинлигини маълум қиламиз», дейилган мактубда.

Top