Жамият | 16:27 / 28.01.2017
25842
3 дақиқада ўқилади

“Уддабурон” қурувчиларнинг сири очилди

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, етарлича шароит ва имкониятлар яратиб берилаяпти. Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Тўлқин Аминов ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланмоқчи бўлди. Дўсти Азизбек Исмоиловга режасини айтди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

У бу фикрни қўллаб-қувватлади. Иккаласи “Қўрғон Строй Сервис” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилишди. Азизбекни мазкур жамиятнинг директори вазифасига расмийлаштиришди. Амалда эса МЧЖ фаолиятини Тўлқиннинг ўзи бошқарадиган бўлди.

МЧЖнинг иши юришиб, тўғри йўлдан илдам одимлай бошлади. Аммо вақт ўтган сайин бу шахслар борига қаноат қилмай, кўнгиллари қинғир йўллар билан кўпроқ пул топишни қўмсаб қолади.

Ана шу ниятда улар тумандаги касб-ҳунар коллежларининг бирига йўл олишди. Директор Нурали Бердиев, коллеж бош ҳисобчиси Шавқиддин Умиров ва унинг ёрдамчиси Талъат Ҳамроев икковлонни очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Тўлқин ва Азизбек ўқув даргоҳининг раҳбарларига муддаосини айтаркан, қандай қилиб мўмай пул ишлаб олиш “сирлари”ни тушунтирди. Бунинг қарангки, уларнинг ҳеч бири “Бу иш қонунга хилоф, ундай қилмайлик”, демади. Меҳмонларнинг режаси қўллаб-қувватланди.

Ўйланган режага биноан бешовлон ишга киришади. Аслида коллежда ҳеч қандай тендер танлови ўтказилмаган бўлса-да, гўёки коллежнинг устахона биносининг том қисмида 120 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилиши юзасидан танлов ўтказилганлиги, унда учта қурилиш корхонаси иштирок этганлиги ва натижага кўра, “Қўрғон Строй Сервис” масъулияти чекланган жамияти ғолиб чиққанлиги тўғрисида танлов комиссияси йиғилишининг баёни тузилади. Шундан сўнг МЧЖ ва коллеж ўртасида таъмирлаш ишларини амалга ошириш юзасидан икки томонлама пудрат шартномаси имзоланади. Ҳужжатларга эса сохта маълумотлар киритилади. Дераза ромлари, тарновлар ўрнатиш каби жами етти иш тури бўйича умуман бажарилмаган 45 млн. 395 минг сўмлик таъмирлаш ишлари ҳам қўшиб ёзилади ва мазкур сумманинг тўланишига эришилади. Пулларни эса бешовлон ўзаро тақсимлаб, ўз манфаатлари йўлида сарфлаб юборишади.

Текин пул мойдек ёққан бу шахслар энди коллежнинг спорт зали ва фаоллар зали том қисмини ҳам “таъмирлашади”. Яна икки томонлама шартнома тузилиб, объектда 122 млн. 811 минг сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилади. Яъни аслида бажарилган ишлар 54 млн. 865 минг сўмга оширилади. Қўшиб ёзилган бу маблағлар ҳам чўнтакларга жойланади.

Аммо вақти келиб уларнинг бу сири очилди. “Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолади”, деб ўйлаган Тўлқин Аминов, Азизбек Исмоилов, Талъат Ҳамроев, Нурали Бердиев ва Шавқиддин Умировларга суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.
 

Мавзуга оид