Бугун Ўзбекистон чемпионатида жорий мавсумнинг энг шов-шувли трансфери амалга оширилди. Ўтган мавсум чемпиони «Локомотив» Тошкентнинг бошқа бир жамоаси «Пахтакор»нинг асосий етакчиларидан бири Жалолиддин Машариповни ўз таркибига қўшиб олди. Бу ҳодиса ўзбек футболи жамоатчилигида акс-садо бермоқда. Кимдир буни "буйруқнинг бажарилиши" («Локомотив» жамоаси «Ўзбекистон темир йўллари» ҳомийлигидалигига урғу қаратилган - таҳр.) деб баҳоласа, кимдир буни «Пахтакор» раҳбарияти бу орқали футболчини халқаро майдонда реклама қилмоқчи демоқда. «Трибуна» сайтида ҳам бу мавзуга эътибор қаратилди ва мавзу атрофлича таҳлил қилинди. Қуйида ушбу мақола ўзгартиришларсиз келтирилган.
Ўтган мавсумда «Пахтакор» таркибида энг ишончли ўйин кўрсатган Жалолиддин Машарипов янги мавсумни «Локомотив»да бошлайдиган бўлди. Ғалати трансфер. Шахсан менга икки ҳисса ғалати бўлиб кўрингани футболчининг ижарага берилгани. Ҳар доим ўз олдига юқори амбицияларни қўядиган клубнинг етакчиларидан бирини асосий рақибига бериб юборишидан мақсади нима?

«Локомотив»ни тушуниш мумкин. Жамоа ўз олдига юқори мақсадларни қўймоқда. Осиёда ҳам айтарли натижа қилиш учун иккита тенг кучли таркибни йиғишга ҳаракат қилиняпти. Машариповнинг сотиб олиниши Сардор Мирзаев билан муносиб рақобатни юзага келтириши ва бу иккала футболчининг ҳам ўсишида ёрдам бериши мумкин. Хўп, «Локомотив»да мақсад аниқ. Лекин «Пахтакор»дачи?
Бир қарашда тушунарсиз кўринган трансфер аслида «Пахтакор»нинг аниқ мақсадли режаси асосида амалга ошган бўлиши ҳам мумкин. Ҳаммаси оддий, «Пахтакор» бу йил Осиё чемпионлар лигасида иштирок этмайди. Жамоа порлаб чиқаётган, яхши ўйнаётган футболчиларни четга сотиши учун уни биринчи навбатда реклама қилиши керак. Бунинг учун «Пахтакор»да бу мавсумда деярли ҳеч қандай имконият йўқ. Ўзбекистон чемпионати ва кубогидаги ўйинлар (айниқса бугунги савиядаги) орқали бирорта кучлироқ клубнинг эътиборига тушиб бўлмайди. Осиё чемпионлар лигаси эса, ҳеч бўлмаса, қитъанинг ўзида мўмай пул таклиф қиладиган жамоалар учун футболчини реклама қилиш имкониятини беради. Шу маънода «Пахтакор» футболчини тўлиқ сотмасдан туриб ижарага берган бўлиши мумкин. Хўп, бунисиям тушунарли. Аммо аслида жамоанинг, Ўзбекистоннинг энг кўп карра чемпиони бўлган жамоанинг мақсади фақат шуми?

Масалан шахсан менда, «Пахтакор» деганда, доим чемпионлик учун курашадиган, ҳар қандай шароитда ҳам ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган, Ўзбекистоннинг энг амбицияли жамоаси кўз олдимга келади. Ўтган йили жамоа сўнгги йиллардаги ўзининг энг ёмон мавсумини ўтказди. Чемпионлик тугул, ОЧЛга бериладиган йўлланма ҳам бой берилди. Бу мен юқорида айтган энг амбицияли жамоа учун огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак. Энг камида жамоада «спортча ғазаб» уйғониши лозим. Омадсиз мавсумдаги камчиликлар ўрганилиши, таркиб кучайтирилиши ва лозим топилса, мураббийлар штаби алмаштирилиши ёки шунга ўхшаган инфратузилмада қандайдир ўзгариш бўлиши керак. Фикримча. Лекин бугунги чиққан хабар энг камида мен кутган бирорта жараёнга мос келмаяпти. Қани бу ерда жамоанинг ўтган мавсумдан чиқарган хулосаси? Қани бу ерда биз соғинган ҳақиқий «Пахтакор»нинг спортча ғазаби? Қани бу ерда «Ватан, ота-она ва «Пахтакор»дан бошқасини истаган пайтида ўзгартириши мумкин бўлган содиқ мухлиснинг ҳурмати? Ёки «Пахтакор» ўз анъаналаридан воз кечиб, чемпионлик ва ОЧЛ йўлланмалари учун курашиш ўрнига футболчи етиштириб, уни сотиб ўзини-ўзи таъминлайдиган клуб сифатида давом этмоқчими?
















