Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Унда яқин беш йилликда мамлакатимиз забт этиши назарда тутилган улкан довонлар, халқимиз ҳаёт даражасини юксалтиришнинг механизмлари аниқ белгилаб берилган

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир. 

Мамлакатини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши белгиланган. Булар давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш ҳисобланади. 

ЎзА мухбирлари ушбу фармон ва Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида турли соҳа вакиллари билан суҳбатда бўлди. 

Ботир Матмуродов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси: 

– Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ўзининг бой тарихига таяниб, порлоқ истиқболини қураётган давлат, ҳамжиҳат халқ, энг тез ривожланаётган мамлакат сифатида дунёга танилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган, ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар, амалий саъй-ҳаракатлар янги тараққиёт марраларини эгаллаш, замон шиддатига мос тарзда ривожланиш, халқимиз манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. 

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони мамлакатимиз ҳаётида катта воқелик бўлди. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг муҳим устуворликларини ҳамда аниқ марраларини белгилаб берган мазкур ҳужжатда қайд этилган ҳар бир вазифа шу заминда яшаётган, эртанги кунга қатъий ишонч билан қараётган ҳар бир инсон ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Ҳаракатлар стратегиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан кенг жамоатчилик, ишбилармон доиралар, давлат органлари вакилларининг учрашувлари, халқ билан мулоқотлар чоғида билдирилган мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилгани эътиборга лойиқ.