Макроиқтисодий мутаносиблик ва барқарор ўсиш суръатларига эришишнинг муҳим шартларидан бири иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни изчил давом эттириш, шу жумладан, маҳаллий хомашё ҳамда материалларни чуқур қайта ишлаш орқали ишлаб чиқариш ва экспорт таркибида юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар улушини кўпайтириш ҳисобланади. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ушбу йўналишда амалга оширилаётган аниқ ҳамда кенг кўламли ислоҳотлар қўлга киритилаётган улкан натижаларга мустаҳкам замин яратмоқда. Ўтган чорак асрда Ўзбекистон иқтисодиёти 6 баравар ўсгани, ҳали-ҳануз давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсирларига қарамасдан, юртимизнинг барқарор ривожланиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир.

Миллий иқтисодиёт рақобатдошлигини кучайтириш ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича узоқ муддатли стратегияни рўёбга чиқариш, муваффақиятларни мустаҳкамлаш учун яна бир қатор долзарб масалаларни ҳал қилиш талаб этилади. Хусусан, мамлакатда энергетика ресурсларидан фойдаланиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилиб, тараққиётнинг энергия самарадорлигини таъминлайдиган моделига ўтиш бугунги кун заруратидир.

Бинобарин, республикамизда саноатлашиш суръати ҳамда аҳоли сонининг жадал ўсиши туфайли энергия истеъмоли, айниқса, иқтисодиёт тармоқларининг энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёжи сезиларли даражада ортиб бораверади. Чунки БМТ прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон аҳолиси 37 миллион нафарга етиши мумкин.

Бу, ўз навбатида, углеводород ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишни тақозо қилади.  Нега деганда, ушбу хомашё захиралари чегараланган. Ҳисоб-китобларга қараганда, ресурслар истеъмолининг бугунги ҳажми сақланиб қоладиган бўлса, 2030 йилда энергетика ресурсларининг танқислиги жами эҳтиёжга нисбатан 65,4 фоизни ташкил қилиши эҳтимоли бор.

Углеводород ресурслари орасида табиий газга алоҳида эътибор талаб этилади. Чунки электр энергетикасида бирламчи иссиқлик-энергетика ресурслари эҳтиёжлари таркибида табиий газга боғлиқлик 85 фоиздан ортади. Табиий газ сарфининг 42 фоизи электр энергиясини ишлаб чиқаришга, 27 фоизи аҳоли, 26 фоизи иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларини таъминлашга тўғри келади. Шунинг ўзиёқ, биринчи галда, табиий газдан иссиқлик электр станциялари (ИЭС)да электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланиш самарадорлигини ошириш зарурлигини кўрсатади. 

Афсуски, бугунги кунда соҳанинг жорий техник ҳолати шу даражадаки, ИЭСда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархида харажатлар улуши ўртача 94,5 фоизни, айрим станцияларда эса 100 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда. Иссиқлик электр станция-ларида соҳавий асбоб-ускуналарнинг эскириши ўртача 91,73 фоиз экани бунга сабаб бўлаётир. 2015 йилда “Ўзбек¬энерго” АЖ конденсацион иссиқлик электр станцияларида электр энергиясини ишлаб чиқаришда фойдали иш коэффициенти 28,4 — 42 фоиз ўртасида, ўртача эса 33,5 фоизни ташкил қилди. Бу Европа Иттифоқи, Жануби-Шарқий Осиёда фойдаланилаётган шу турдаги замонавий иссиқлик электр станциялари кўрсаткичларидан