Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони билан мамлакат тараққиётининг келгуси 5 йилга мўлжалланган устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилди. 

Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани тараққий эттириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш бўйича аниқ, ҳаётий ислоҳотлар, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Бу мамлакатда ислоҳотлар самарадорлигини кескин ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек буюк мақсадларга хизмат қилади. 

ЎзА мухбири ушбу фармон ва Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида турли соҳа вакиллари билан суҳбатлашди. 

Дилором Файзиева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

– Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқишда аҳолининг кенг қатлами, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, давлат органлари раҳбарлари ва мутахассислари фаол иштирок этди. Жонли мулоқот, суҳбат ва муҳокамаларда амалдаги қонун ҳужжатлари, миллий ва халқаро ташкилотларнинг ахборот-таҳлилий материаллари, маърузалари, тавсиялари ва шарҳлари ўрганилди, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинди. Буларнинг бари мазкур Ҳаракатлар стратегияси – халқимизнинг эзгу орзу-мақсадларини ўзида мужассам этган қомусий ҳужжат, дейиш учун асос бўлади. 

Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналиши давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришни назарда тутади. Шу мақсадда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бу қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш билан чамбарчас боғлиқ. 

Жорий йилда “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу билан мамлакатимизда парламент назоратининг янги шакли жорий этилади. Энди парламент аъзоларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиш, унинг натижалари бўйича тегишли чоралар кўриш ваколатини бериш назарда тутилмоқда. Ёки жорий йилда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан назоратини кучайтиришга хизмат қилади. Бу билан партия гуруҳлари маҳаллий Кенгаш сессияларида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини кўриб чиқиш, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш ҳақидаги таклифларни киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Туман (шаҳар) ҳокими номзодини вилоят ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказилгандан сўнг халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этиш механизми йўлга қўйилади. Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига тегишли туман (шаҳар) ҳокимларининг, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг қониқарсиз фаолияти ҳақида хулосалар тақдим этиш ҳуқуқи берилади.