Ўзбекистон | 15:45 / 10.02.2017
23330
2 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев Вьетнам президенти билан музокаралар ўтказди

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев Вьетнам президенти Чан Дай Куанг билан музокаралар ўтказди.

Viet Nam News нашри маълумотига кўра, Ханойда бўлиб ўтган учрашувда  томонлар икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишган.

2016 йилда Ўзбекистон ва Вьетнам  ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 37,42 млн долларни ташкил этди. Икки томон ҳам мазкур рақамлар қониқарли эмаслиги ҳамда бу кўрсаткични янада юқорироқ босқичга олиб чиқиш лозимлигини таъкидлаб ўтишган.

Жумладан, Чан Дай Куанг Ўзбекистон ва Вьетнам тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, пойабзал ишлаб чиқариш, туризм ҳамда бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиши мумкинлигини қайд этиб ўтган. 

Бош вазир ўринбосари эса Ўзбекистон Вьетнам билан савдо-иқтисодий, молия-инвестиция ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканини билдирган.

Зойир Мирзаев Вьетнам президентига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатга таклифи билдирилган мактубни топширган.

Мавзуга оид