12 февраль, якшанба куни Туркманистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда - бу 1991 йил, яъни мамлакат мустақилликка эришгандан кейинги тўртинчи сайлов. Амалдаги президент 59 ёшли Гурбангули Бердимуҳаммедов учинчи муддатга ўз номзодини қўйди. BBC шу ҳақида мақола тақдим этди.

Сайловларда мухолифат номзодлари йўқ, мухолифатнинг ўзи бўлиниб кетган, унинг вакиллари - мамлакатдан ташқарида.

Яна саккиз номзод президентликка ўз номзодини қўйган. Таъкидлаш жоизки, улар кенг оммага нотаниш ва бунга қадар сиёсат билан шуғулланмаган.

Туркманистон улкан табиий газ захираларига эга мамлакат бўлиб, у Хитойга энг йирик газ етказиб берувчи ҳисобланади.

Президентнинг ваколати

Туркманистон - президентлик бошқарув шаклидаги  мамлакат, яъни президент - давлат раҳбари ва олий бош қўмондон. Аслида эса Гурбангули Бердимуҳаммедов деярли мутлоқ ҳокимиятга эга, парламент эса фақат техник функцияларни бажаради.

Президент барча даражадаги давлат ва ҳукумат амалдорларини тайинлайди ва уларни истеъфога чиқаради, вазирлар, олий судья ва бош прокурор ҳам шулар жумласига киради.

Бу сайловлар аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади?

Мазкур сайловларда президент илк марта 7 йиллик муддатга сайланади (аввал 5 йиллик муддатга сайланган). Ўтган йилнинг сентябрида Бердимуҳаммедов мамлакат конституциясига ўзгаришлар киритди. Унга кўра, президентлик муддати икки йилга узайтирилди, шунингдек номзодлар учун 70 ёшгача бўлган ёшга доир чеклов олиб ташланди.

Сайловларда 9 номзод иштирок этмоқда, бу биринчи шундай ҳолатдир.

Бугунги кунда Туркманистонда газ нархининг пастлиги сабаб вазият мураккаб. Мухолифат ОАВ мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмовчилиги ҳақида хабар бермоқда, бу энергия ресурсларига бой мамлакат учун тушунарсиз вазият. Ҳукумат шунингдек озиқ-овқат дўконларидаги навбатлар ҳақида маълум қилаётган журналистлар ва интернет фойдаланувчиларини хуш кўрмайди.

Президентнинг рақиблари кимлар?

Туркманистоннинг уч партияси ҳам ўз номзодини қўйди. Ҳукмрон Демократик партия томонидан амалдаги президент номзоди қўйилган.