Ким Чен Нам укасидан раҳм-шафқат сўраганди
Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳридаги аэропортда 14 февраль куни суиқасд қурбонига айланган КХДР етакчиси Ким Чен Ирнинг ўгай акаси Ким Чен Нам 2012 йилда укасидан авф қилишни сўраганди. Бу ҳақда Жанубий Корея разведка хизмати вакили хабар берган.
Жанубий Корея Миллий разведка бошқармаси маълумотига кўра, айнан 2012 йилда Ким Чен Намнинг ҳаётига биринчи марта суиқасд уюштирилган, ўшанда у омон қолганди. Ўшанда Ким Чен Нам укасига ўзини ва оила аъзоларини афв этиш сўралган мактуб ёзган.
"Мени ва менинг оиламга чиқарилган жазони бекор қилишингни сўрайман. Биз ҳеч қаерга ғойиб бўла олмаймиз. Бизнинг ягона имконимиз қочиб яшаш — бу эса ўзини ўлдириш билан тенг", — дея Ким Чен Намнинг ўз укасига ёзган мактубидан парча келтирган Ёнҳап агентлиги.
КХДР етакчисининг акаси аллақачон мамлакатни тарк этганди. У ўтган вақт давомида Макаода яшаб, бизнес билан шуғулланган. Унга 14 февраль куни Куала-Лумпур аэропортида суиқасд амалга оширилди. У бу вақтда оиласи яшайдиган Макаога йўл олганди.
Терговнинг тахминига кўра, шимол корейслари етакчисининг ҳаётига заҳарли игна билан қуролланган икки аёл суиқасд қилган ва тез орада воқеа жойидан ғойиб бўлишган. Улар шимолий кореялик агентлар бўлган. Жиноятчилар ҳали Малайзия ҳудудида экани айтилмоқда. Шунингдек, улар буюртмачи томонидан йўқ қилинган бўлиши мумкин.
АҚШдагилар ҳам Ким Чен Нам Шимолий Корея ҳукумати махсус хизмати агентликлари томонидан йўқ қилинганини ишонч билан таъкидламоқда.
Бундан олдинроқ, марҳумнинг оила аъзолари Хитой ҳукумати томонидан ҳимоя қилиниши ҳақида хабар берилганди.