Чорвачилик қадимги даврдан то бугунга қадар инсоният турмуш тарзининг ажралмас бир бўлаги бўлиб келган. Цивилизация жараёни инсон ҳаётига янгича кўриниш олиб кирган турли машғулотлар, ихтиролар ва касбларни пайдо қилган бўлса-да, чорвачилик булар билан уйғун тарзда ривожлана борди.
Бугун бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам чорвачилик изчил ривожланиб, кенгайиб бормоқда. Аҳолининг бу машғулот билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда, бу ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Kun.uz таҳририятининг Андижон вилоятига сафари давомида ҳудудда ташкил этилган чорвачилик билан ҳам яқиндан танишди. Жумладан, вилоятнинг Олтинкўл туманида жойлашган “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалигида бўлиб, олиб борилаётган ишларга гувоҳ бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозим-ки, тадбиркор Фахриддин Исмоилов раҳбарлигидаги масканда наслчилик, чорвачилик маҳсулотларини кўпайтириш, ем-хашак базасини мустаҳкамлаш каби жараёнлар замонавий услубда комплекс механизациялаштириш йўли билан амалга оширилади.
Tas-Ix`да кўриш
- Фермер хўжалигимизда 1680та қорамол бўлиб, шундан 650 боши соғин сигирлар, 384 боши 1 ёшгача бўлган бузоқлар ҳисобланади, - деди мазкур хўжаликнинг иш юритувчиси Қобил Каримов. – Айни кунларда 14,5 тоннадан 16 тоннагача сут олишга муваффақ бўляпмиз. Бунга сабаб масканда “Симментал”, “Голштин фриз”, “Швиц” зотли қорамолларнинг парваришланаётганидир. Масалан, “Голштин фриз” зотли сигирдан бир кунда ўртача 40 литр сут соғиб олинади. Қолган зотлар эса 30-35 литрдан сут беради.

Суҳбат давомида аниқ бўлдики, сигирларнинг сут бериш ҳолати ҳаво ва озуқа эвазига ўзгариб туради. Салбий ҳолатлар вужудга келса, бир кунда 1,5 тоннага қадар сут йўқотилиши мумкин.

Ушбу фермер хўжалиги 2006 йилда ташкил топган. Дастлаб 333 бош маҳаллий қорамол боқишдан бошланган иш кейинчалик 2010 йилда Германиядан 93 бош “Швиц” зотдор қорамол олиб келиш билан давом эттирилади. Қиёсан қаралганида ушбу зотдор сигирлар маҳаллийларига қараганда 10-15 литр кўп сут бериши билан фарқланар эди. Шу сабаб фермер хўжалиги томонидан ҳар йили 300-400 бош зотдор қорамол олиб келиниб, парваришланмоқда.



















