Жаҳон | 14:08 / 21.02.2017
7968
3 дақиқада ўқилади

Савченко депутатлик дахлсизлигидан воз кечди

Фото: Facebook/Надія Савченко

Украина Юқори радасининг фракциядан ташқаридаги депутати Надежда Савченко депутатлик дахлсизлигидан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилганини маълум қилди.

"Берилган ваъдалардан биринчиси бажарилмоқда: мен депутатлик дахлсизлигидан воз кечмоқдаман", - дея хабар қилган Савченко Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида.

Шу билан бир қаторда, у тармоққа мақсадидан гувоҳлик берувчи тегишли ҳужжатни жойлаштирди. Баёнотда айтилишича, Украина “майдондаги” фожиали ҳодисаларнинг уч йиллигини нишонламоқда ва сиёсатчилар “қадр-қиммат инқилоби” вақтида кишиларга берган ваъдаларини бажаришлари вақти келган. Шунингдек, депутат ҳамкасблари, президент Пётр Порошенко ва судьяларни ундан ўрнак олишга чақирган.

Баёнот Юқори раданинг тартибга солиш ва ишларни ташкиллаштириш масалалари бўйича қўмитаси раисига юборилган. Савченко унда, Украина конституциясининг 80-моддасига таяниб, дахлсизликдан воз кечиш ҳақидаги мурожаатини кўриб чиқиш ва парламентнинг сессия залига депутатлар муҳокамаси ва қўллаб-қувватлаши учун юбориш ҳақида сўраган.

Октябрь ойи охирларида Савченко “Батькивщина” партиясидан (етакчиси – Юлия Тимошенко) чиқиш ҳақида ариза ёзди. У ушбу партия рўйхати билан Радага 2014 йилда сайланганди. 15 декабрь куни “Батькивщина” фракцияси уни ўз таркибидан четлатди, 22 декабрь куни эса Рада депутатни Европа кенгаши парламент ассамблеясидаги мамлакат делегацияси таркибидан, кейинчалик эса миллий хавфсизлик ва мудофаа бўйича парламент қўмитасидан четлатди. Савченко Донецк ва Луганк халқ республикаларига бориб, уларнинг раҳбарлари билан учрашгач, салбий муносабатга дуч кела бошлади.

Надежда Савченко Донбассда Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси журналистлари Игорь Корнелюк ва Антон Волошиннинг қотиллиги ҳамда чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтишда айбдор деб топилган. 22 март куни Ростов вилоятининг шаҳар суди уни 22 йилга умумий тартибдаги колония жазосига маҳкум этди. 25 май куни эса Россия президенти Владимир Путин ҳалок бўлган журналистларнинг қариндошлари илтимоси билан Савченкони афв этиш ҳақидаги фармонга имзо чекди, шундан сўнг у Киев шаҳрига самолётда етказилди.

Украина президенти Пётр Порошенко эса Савченкони Украина Қаҳрамони унвони билан тақдирлади.

Мавзуга оид