Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қарши туманида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

“Нишон кўзгу” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан Қарши шаҳрида чорва молларини автоматизациялашган кушхона, гўштни сақлаш ва қадоқлаш комплекси ташкил этилмоқда. Бунинг учун хориждан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатилган. 

Ушбу лойиҳа иқтисодий самарадорлик билан бирга улкан ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Замонавий кушхона ва музлаткич озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги ҳамда хавфсизлигини таъминлайди. 100дан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Давлат раҳбари бундай кушхоналарни барча ҳудудларда ташкил этиш, ветеринария ва санитария хизматларини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. 

Яккабоғ туманида ташкил этилаётган “Қорабайир отчилик мажмуаси” хўжалиги наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослашган. Мажмуада 200тагача йилқи боқилиб, ички ва ташқи бозорларга сотилади. Қирқдан ортиқ киши иш билан таъминланади. 

Қорабайир отлари миллий ифтихор экани, уларни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. 

Давлат раҳбари аввал Косон туманида барпо этиладиган чорвачилик комплекси лойиҳасини кўздан кечирди. 

Икки минг бош қорамол боқишга мўлжалланган замонавий типдаги чорвачилик комплекси нафақат вилоят, балки мамлакатнинг бошқа ҳудудлари аҳолисини ҳам гўшт ва сут билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлган лойиҳани келгуси йилнинг биринчи чорагида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган. 

Мажмуа қурилиши учун 12 гектар, чорва молларига озуқабоп экинлар етиштириш учун 750 гектар ер майдони ажратилади. Бу ерда йилига 4 минг 280 тонна сут ва 210 тонна гўшт етиштириш, 140 иш ўрни яратиш кўзда тутилган. 

Президент чорвачилик комплексига хориждан наслдор қорамоллар олиб келиш, уларни зарур технологиялар асосида парваришлаш, етиштирилган маҳсулотни шу ернинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мутахассисларга зарур тавсиялар берди.