Бугунги глобаллашув замонида ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун мислсиз кураш бормоқда. Ҳаётнинг турли соҳаларида намоён бўлаётган бундай хуружлар, айниқса, ахборот соҳасида энг авж палласига чиққан. Чунки, айни пайтда, ушбу соҳа кириб бормаган дунёнинг бирор нуқтасини топиш мушкул. Бошқача айтганда, қаердаки электр манбаи булса, у ерда ахборот алмашуви юз бермоқда, кишилар ҳар қандай янгиликдан бир зумда бохабар бўлишмоқда.
Аммо, «танганинг иккинчи томонини» ҳам унутмаслик лозим, барча ахборотни ҳам фойдали ва холис деб баҳолаб бўлмайди. Таъбир жоиз булса, уларнинг кераклисидан кераксизи, фойдалисидан хавфлилари кўпроқдир. Ёшлар ижтимоий тармоқларсиз ҳаётини тасаввур эта олмайдиган, бу ҳол кундалик одатга айланган бир пайтда, бундай жараён кишини мушоҳадага чорлайди, сергак торттиради. Ҳаёт тажрибаси ва билими етарли бўлмаган ёшлар бу уйдирмаларни, «усти ялтироқ, ичи қалтироқ» чорловларни реал ҳақиқат сифатида қабул қилишмаяптими? Уларга кўр-кўрона эргашилмаслигига ким кафолат беради? Айрим бузғунчи мафкуравий марказлар томонидан илгари сурилаётган «оммавий маданият» деб ном қозонаётган унсурлар келажак авлодни ғаразли мақсадларга етаклаб, айрим гуруҳларнинг бойишига хизмат қилаётгани кундай аён. Ачинарлиси, миллий қадриятларни сўндириб, инсонни соғлом ҳаёт, теран фикрлашдан йироқлаштиришга уринаётган бундай иллатлар миллат илдизига, маънавиятга болта бўлиб урилмоқда.
Интернет чангалзорларидаги «саргузашталар»
Ижтимоий тармоқлар катта имкониятлар ҳадя этаётгани билан ҳам эътиборда. Жумладан, улар «бозор» вазифасини ҳам бекам-у кўст бажармоқда. Аммо, бундай виртуал «гипермаркет»ларнинг маҳсулотлари одатий бозорлардагидан фарқ қилади. Яъни, уларнинг маҳсулотлари турли-туман ахборотлар йиғиндисидан иборатдир. Бундай ахборотлар олами ажабтовур дунёни ҳосил этади. Кузатасиз – сохталик, қаллоблик, ёлғон совға, хиёнат, нафрат, пасткашлик, чайқовчилик, даъват, чорлов, таҳқирлаш, камситиш каби манзаралар.
Жаҳондаги миллионлаб кишилар аллақачон ушбу тармоқлардан бирининг асирига айланган. «Одноклассники.ру» ижтимоий тармоғи ана шулардан бири. Юртдошларимиз орасида ҳам мана шу тармоқнинг «шинаванда»лари талайгина. Негаки, инсонларни ҳаётий ташвишлардан, кундалик югур-югурлардан чалғитишда, ҳар қандай қадрият ва инсоний туйғуларга енгил-елпи қарашга ўргатишда ижтимоий тармоқлар энг самарали «қурол» бўлиб хизмат қилмоқда. Кўп кузатамиз: ижтимоий тармоқларда, хусусан, «однаклассники.ру»да мактаб ўқувчиларидан тортиб, катта ёшли инсонларнинг «профили» ҳам мавжуд. Уларнинг номлари ҳам ниҳоятда ғайриоддий: «Сенга муҳтожман», «Я просто Хулиган», «Юрагингни ягонасиман», «Исмимни қалбинга ёз», «Отасини эркаси», «Севги йўлида Мажнунингман» ва ҳоказо. Айримларини ҳатто ўқишга ҳам уялади киши. Ваҳоланки, исм ва насаб ёзилиши керак бўлган «профил»ни бундай номлар билан аташ янада эътибор тортади, кўпроқ «дўст» жалб этади. Муқаддас тушунчалар тўғрисидаги ёшларнинг бир-бири билан алмашаётган саёз фикрларидан даҳшатга тушмасликнинг иложи қолмайди. Имло қоидалари эса гўё виртуал дунёда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасдек. Шахсий «профил»ларга қўйилган суратларда беҳаёлик, андишасизлик, зўравонлик уфуриб туради. Энг ёмони, «оммавий маданият» ниқоби остида башарият таназзулини истовчи бузғунчи кучлар ҳаёт давомийлигининг энг асосий бўғини – оилани пароканда этишга киришишган.














