Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Гурбангули Бердимуҳамедов матбуот қаршисида чиқиш қилиб, бугунги учрашув икки давлат муносабатларида янги саҳифа очганини қайд этиб ўтди.

ЎзА хабарига кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Туркманистонга келгани учун миннатдорлик билдириб, бу тарихий воқеа мамлакатларимиз ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш ва алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди. 

Музокаралар чоғида икки томонлама алоқалар ҳолати муҳокама қилиниб, халқаро масалалар бўйича фикрлар алмашилган. Давлат раҳбарлари музокаралар якунида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалар бўйича бир қатор муҳим ҳужжатларни имзолашган.

Икки мамлакатнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги мақсад ва ёндашувлари муштараклиги, томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани таъкидланди. 

Ташқи сиёсат

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Туркманистоннинг ташқи сиёсати бетарафлик, тинчликсеварлик, яхши қўшничилик тамойилларига қурилган. 

Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам изчил ҳамкорлик қилинмоқда. 

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон президенти билан учрашув икки давлатнинг турли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлаганига ишонч билдирди.

Туркманистон раҳбари қайд этишича, музокаралар вақтида алоҳида эътибор минтақа хавфсизлиги масалаларига қаратилди. У икки мамлакатнинг қўшни Афғонистонда фақат сиёсий йўл билан барқарорлик ўрнатилиши борасидаги фикри ҳам муштараклигини тасдиқлади.

Томонлар терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашишган ҳамда халқаро терроризмга қарши кураш, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши каби долзарб муаммолар бўйича халқаро ташкилотлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олишган.