Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финалидан олган тарихий учрашув ниҳоясига етди. Биринчи учрашувда 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраган «Барселона» жавоб учрашувида керакли натижани қўлга кирита олди.
Ўйин Луис Энрике шогирдларининг режаси асосида бошланди. Мезбонлар 3-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Рафиньянинг узатмасидан кейин тўп ҳимоячининг бошидан дарвозабон майдончаси олдида турган Суаресга келиб тушди ва у бош билан тўпни посбоннинг устидан ошириб қўйди.
Бу гол парижликлар жамоасини хавотирга солди ва улар тўлиқ ҳимояга ётиб олишди. «Барселона» футболчилари рақибнинг зич ҳимоясига қарши олис масофадан зарбалар бериб ўйинни давом эттиришди. Хусусан, баҳснинг 17-дақиқасида Неймарнинг айланма зарбасидан кейин тўп олис устун ёнгинасидан ўтиб кетди.
Биринчи бўлимга тугашига 5 дақиқа қолганида «Барселона» иккинчи голни уришга муваффақ бўлди. Суарес жарима майдончасига узатма берди. Иньеста рақиб ҳимоячиси Маркиньос билан тўп учун кураш олиб борди, бу вазиятда бразилиялик футболчи тўпни исталган томонга тепиб юбориши мумкин бўлган вақтда сусткашлик қилди ва Иньсета чизиқ устида тўпни товони билан қайтариб қолди. Тўп Левон Курзавага келиб тушди ва буни кутмаган футболчи ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.
Иккинчи бўлим боши мезбонлар учун яна омадли келди ва жамоа пенальти ишлашга муваффақ бўлди. Иньестанинг узатмасидан кейин Неймар чап қанотдан жарима майдончасига кирди, аммо Рабью уни йиқитди. Ҳакам дарвоза ортидаги ҳакам билан маслаҳатлашгандан кейин нуқтани кўрсатди. Месси кучли зарба билан ҳисобни 3:0 кўринишига келтириб қўйди.
Эндиликда «Барселона» яна битта гол урса, умумий ҳисобни тенглаштириб, ўйинни камида қўшимча бўлимларга кўчира олиши мумкин бўлган вазият юзага келди.
Ўтказиб юборилган учинчи голдан кейин меҳмонлар жамоаси уйғонди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, улар битта жавоб тўпини киритишлари мумкин эди. Менье ўнг қанотда Умтитини алдаб ўтди ва жарима майдончаси узатма берди. Каванининг яқин масофадан берган зарбасидан кейин тўп устунга тегиб, майдонни тарк этди.
Баҳснинг 62-дақиқасида парижликлар барибир рақиб дарвозасини ишғол қилишди. Меҳмонлар майдон марказида жарима тўпини ўйинга киритаётганида каталонияликлар суст ҳаракат қилишди. Етказиб берилган узатмани Курзава бош билан Каванига ташлаб берди. Эдинсон эса тахминан 8 метр масофадан дарвозани ишғол қилди - 3:1.
Эндиликда «Барселона» кейинги босқичга чиқиш учун қолган ярим соат ичида 3та гол уриши талаб қилинарди. Агар Кавани 64-дақиқада навбатдаги имкониятидан фойдалана олганида ўйин тақдири бутунлай ҳал бўларди. Аммо ҳужумчи бирга-бир вазиятга чиқиб, Тер Штегенни доғда қолдира олмади. Дарвозабон оёғи билан тўпни қайтарди.

















