18:53 / 10.03.2017
10556

Пак Кин Хе президентлик қароргоҳини тарк этмоқчи эмас

Жанубий Корея президентлигидан четлатилган Пак Кин Хе жума куни Сеулдаги “Мовий уй” давлат қароргоҳини тарк этиш ниятида эмас. Бу республика конституциявий суди қарорига қарамай юз бериши мумкин, деб хабар беради Reuters агентлиги.

"Пак Кин Хе “Мовий уй”ни бугун тарк этмайди", - дея собиқ президент вакилининг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик. "Унинг кўчиб ўтиши билан боғлиқ режалар ҳозирча йўқ. У хавфсизлик нуқтаи назаридан пойтахтнинг Самсон-дон туманидаги ўз уйига қайтиб кета олмайди", - дея қўшимча қилган у.

Associated Press агентлиги маълумотига кўра, айни дамда собиқ давлат раҳбарининг ёрдамчилари Пак Кин Хенинг ўз уйига қайтишига тайёргарлик кўрмоқда. Шунингдек хабар қилинишича, Пак Кин Хе ҳеч қандай баёнот билан чиқиш ниятида эмас.

Жанубий Корея конституциявий суди Пак Кин Хенинг импичментини тасдиқлади. Шу тариқа, 10 март унинг давлат раҳбари лавозимидаги сўнгги кунига айланди. Қарорга кўра, Пак Кин Хе президентлик дахлсизлигидан маҳрум этилди ва “Мовий уй”ни бўшатиб қўйиши керак.

Қонунга кўра, янги давлат раҳбари учун навбатдан ташқари сайловлар 60 кун ичида ўтказилиши керак.

Пак Кин Хе бугун президентлик саройидан чиқиб кетади

Top