"Тафсилот.уз" сайти "Жамият" газетасида чоп этилган "Нотариал идорадаги найранглар" номли мақолани эълон қилди. Мақолада бугунги кунда давлат нотариал идораларида илдиз отган долзарб муаммолар қаламга олинади.

Нотариал идора — одамларнинг иши энг кўп тушадиган муассасалардан бири. Бу ерда битимлар тасдиқланади, ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлиги, ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилиги шаҳодатланади, мерос ҳуқуқи расмийлаштирилади, мол-мулкни ўзга шахсга ўтказиш тақиқлаб қўйилади ёки ана шундай тақиқ бекор қилинади ҳамда қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатлар амалга оширилади.

«Нотариат тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасида нотариат қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институт ҳисобланиши, нотариал ҳаракатлар эса давлат нотариал идораларининг нотариуслари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Бундан англашиладики, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларга малакали юридик хизмат ва ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий муносабатларни ишончли ва тинч йўл билан ҳал этиш орқали ҳуқуқий низоларнинг олдини олиш нотариал идораларнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Аммо, афсуски, амалиётда ҳамма нарса қоғозда ёзилгани каби силлиқ ва чиройли бўлавермас экан. Қуйида хат-ҳужжатларнинг қонунга мувофиқ бўлиши учун масъул бўлган нотариал идоралардаги қонунбузарликлар, хизмат ваколатини суистеъмол қилиб оддий одамларни чув тушираётган нотариусларнинг хилма-хил найранглари ҳақида сўз юритамиз.

Ижара шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши шарт!

Расман «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби» деб юритиладиган, оддий халқ «вақтинчалик прописка» деб атайдиган ҳужжат республикамизнинг бошқа ҳудудидан келиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишлаётган ёки ўқиётган юртдошларимиз учун катта аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир. Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабига кўра фуқаролар пойтахт шаҳри ва вилоятида ҳисобга туриш учун келган кунидан бошлаб беш кун муддатда ўзи вақтинча турган жойдаги милиция таянч пунктига белгиланган тартибда мурожаат этиши керак. Бу талабнинг бажарилмаслиги маъмурий жавобгарликка тортилиш учун асос бўлади.