Ҳафта охири воқеаларга бой бўлди. Англияда Клопп ва Гвардиола тўқнашуви кузатилди, Испанияда икки гранд яққол ажралиб қолди. Германияда эса кутилганидек мавсум охирига яқин «Бавария» машинаси тезлик олди. Шу ва уик-энднинг бошқа энг муҳим воқеалари билан Tribuna.Uz таништириб ўтади.
«Ливерпуль» ҳамон Робин Гуд ролида
Англия премьер-лигасининг 29-турида марказий учрашув сўзсиз «Этиҳад» стадионида бўлиб ўтди. Унда «Манчестер Сити» «Ливерпуль»ни қабул қилди, жамоалар ғолиб номини аниқлай олишмади. «Ливерпуль» кучли олтиликдаги жамоаларга қарши навбатдаги учрашувни ҳам мағлубиятсиз ўтказди. Жамоанинг энг қизиқ статистикаси ҳам шунда. Клопп шогирдлари кучли жамоаларга қарши ўйинларда қанчалик яхши ўйин кўрсатаётган бўлса, аутсайдерларга қарши ўйинларда шунча кўп муаммоларга дуч келмоқда.
Англиядаги яна бир муҳим воқеилик «Манчестер Юнайтед»нинг ғалабасидан сўнг кузатлди. 148 кун мобайнида 6-ўрнида борган Моуриньо жамоаси ниҳоят бу турда «Мидлсбро»нинг уйидаги зафардан кейин юқорига кўтарилишга муваффақ бўлди. Албатта бунга «Арсенал» ҳам «Вест Бромвич»га қарши учрашувдаги нурсиз ўйини орқали сабабчи бўлди. Ушбу ўйин арафасида «Арсенал» мухлислари иккига бўлинди. Жамоа мураббийи Арсен Венгерга қарши ва унинг тарафдори бўлган гуруҳлар унга қарши ва уни қўллаб-қувватловчи баннерларни осмонга олиб чиқишди. Эндиликда Венгер жамоасини «Эвертон» ҳам изма-из таъқиб қилиб келмоқда.


















