Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. 

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан учрашув чоғида Тошкент ва Остона муносабатларида янги саҳифа бошланганини таъкидлади.

Тор доирада ва кенгайтирилган таркибда ўтган учрашувлар давомида Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев «дўстлик ва ҳамкорлик кўприклари» икки халқ ўртасида Ўзбекистоннинг биринчи президенти давридаёқ ўрнатила бошланганини тилга олиб ўтишди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. 

«Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қардош, асрлар давомида синалган шериклардир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафотидан кейинги оғир дамларда бу яқинлик яна бир бор намоён бўлди. Халқимиз Қозоғистон халқи ҳамдардлигини, қўллаб-қувватлаганини чуқур ҳис этди ва буни ҳеч қачон унутмайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланмоқда. Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканининг тасдиғидир», – деди президент. 

Шавкат Мирзиёев Остонага ташрифни тарихий деб атади

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни Қозоғистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасидаги мулоқотларнинг изчил давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади. 

«Сизнинг ташрифингиз Наврўз байрами кунларига тўғри келгани қадамингиз қутлуғ эканидан далолатдир. Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабатлари ҳар доим дўстона ва самарали бўлган. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, менинг қадрдон дўстим Ислом Каримов улкан ҳисса қўшган бундай яқин ҳамкорликни Сиз билан изчил давом эттирмоқдамиз. Кейинги ойларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 30 фоиз ўсгани, ўзаро янги маҳсулотлар етказила бошлагани бунинг тасдиғидир. Ташрифингиз доирасида ўтган бизнес-форумда қарийб 1 миллиард долларлик келишувларга эришилган. Сизнинг ушбу тарихий ташрифингиз мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаради», – деди Қозоғистон Президенти. 

Назарбоев Мирзиёевга: Биз сизга суянамиз