Ўзбекистон | 13:59 / 25.03.2017
31701
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида янги қурилган кўприкни бориб кўрди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 март куни пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган чорраҳада қурилган кўприкни бориб кўрди. 

Умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 полосали мазкур йўл ўтказгич ҳайдовчилар ва пиёдаларга бир қанча қулайликлар яратади. 

Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган чорраҳада транспорт тиғизлиги автомобиллар ва пиёдаларга ноқулайлик туғдирарди. Янги бунёд этилган кўприк бу муаммоларга барҳам бериш билан бирга, автомобиллар ҳаракатининг узлуксизлигини ва хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси қурувчилари томонидан икки ойда қуриб битказилган кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилган. Ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ўрнатилган. 

Шаҳар қиёфасининг ўзгаришида кўприкларнинг ўрни катта. Экология нуқтаи назаридан ҳам бу муҳим аҳамиятга эга. Яъни автомобиль ёнилғисининг кўп ишлатилиши атроф-муҳит мусаффолигига салбий таъсир қилади. Бир жойда транспорт тиғизлиги юз берса, бошқа жойга ҳам таъсир кўрсатади. Кўприклар ана шу муаммоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади. 

Президентимиз янги кўприкнинг моҳиятига алоҳида тўхталди. Бу каби бунёдкорлик ишлари аҳолига янада қулайлик яратиш, турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эгалигини қайд этиб ўтди. 

Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Чўпонота ва Бунёдкор кўчалари кесишган чорраҳада бунёд этиладиган кўприк лойиҳаси билан ҳам танишиб, ўз тавсияларини берди. 

Мавзуга оид