Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Қарор «Ўзбекистон» телеканали «Ахборот» дастурида ўқиб эшиттирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг100 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва жамоатчилик вакилларининг халқимизнинг оташқалб фарзанди Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига мувофиқ Жиззах вилояти Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилгани маълумот учун қабул қилинсин. 

3. Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

4. Ташкилий қўмита бир ой муддатда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин. 

Ушбу режада: 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ва ҳайкалини ўрнатиш; 

халқимиз, айниқса, ёш авлодимизни атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Жиззах шаҳрида унинг мемориал уй-музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш; 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибнинг “Сайланма” китобини; 

Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш; 

Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижтимоий-ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;