Сербияда президентлик сайловлари бошланди. Сайловчилар 11 номзод ичидан олдиндаги 5 йил давомида мамлакатни бошариши учун янги раҳбарни танлаши керак бўлади.
Овоз беришда мамлакатнинг 6,7 миллиондан ортиқ фуқароси иштирок этиши мумкин. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 07:00да (Тошкент вақти билан соат 10:00) очилади ҳамда соат 20:00да (Тошкент вақти билан соат 23:00) ёпилади.
Республика сайлов комиссияси маълумотига кўра, жами 8 минг 523та сайлов участкаси фаолият кўрсатади, шундан 90таси Косово ва Метохия мухтор ўлкаларида. Сайловда, шунингдек, серб диаспораси вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин, — улар учун 32 давлатда 53 та сайлов участкаси хизмат кўрсатади. Натижалар РСК томонидан 96 соат ичида, яъни 6 апрель кун соат 21:00гача эълон қилиниши керак.
Номзодлар
Жимлик кунига бир неча соат қолганида Ipsos тадқиқот маркази томонидан ўтказилган жамоатчилик сўровларига кўра, мамлакатнинг амалдаги бош вазири Александар Вучич сайловолди пойгасида ишончли тарзда етакчилик қилмоқда. Уни 54,2 фоиз киши қўллаб-қувватлаган.
Иккинчи ўринни "Қўрқмас Сербия" фуқаролар гуруҳи томонидан илгари сурилган номзод, собиқ омбудсман Саша Янкович эгалламоқда. У 12,8 фоиз овоз жамғариб, иккинчи турга ҳам ўтиши мумкин. Учинчи ўринда Любиша Прелетачевич Белий тахаллусли пародиячи номзод Лука Максимович бормоқда. Унга 9,5 фоиз сайловчилар, асосан ёшлар овоз бермоқчи. Тўртинчи ўринни 6,8 фоиз овоз билан собиқ ташқи ишлар вазири Вук Еремич ("Яхшироқ бўлиш керак" партияси") эгаллаган.
Президентлик учун "Миллий озодлик ҳаракати" партияси етакчиси Мирослав Парович, "Етар!" ҳаракати раҳбари Саша Радулович, "Сербия эшиклари" асосчиси ва президенти Бошко Обрадович, Сербия радикал партияси раиси Воислав Шишель, Демократик партия номзоди Александр Попович, Чаетина муниципалитети бошлиғи Милан Стаматович, "Воеводина социал-демократлари лигаси" раҳбари Ненад Чанак ҳам курашиб кўради.
Сўровларга кўра, Вучични 50 ёшдан ошган, ўрта ёки умумий маълумотга эга, мамлакат шарқи ва жанубий-шарқида яшовчи фуқаролар қўллашмоқда. Саша Янковични пойтахт Белградда кўпроқ қўллашмоқда, унинг тарафдорлари 40–50 ёш орасидаги олий маълумотли инсонлардир. Еремичнинг аудиторияси Янковичникидан 10 ёшга кичикроқ, булар университетда таълим олган инсонлар ва талабаларнинг аксариятидир. Собиқ ташқи ишлар вазирини мамлакатнинг ғарби ва марказидаги аҳоли кўпроқ қўлламоқда.
Амалдаги бош вазирнинг сайловда ғолиб чиқишига ҳеч кимда шубҳа йўқ. Таҳлилчиларнинг катта қисми барчаси биринчи турдаёқ ҳал бўлишини прогноз қилишган.















