Иванка Трамп расман АҚШ президенти маслаҳатчиси лавозимини эгаллади.

АҚШ президентининг қизи Иванка Трамп Оқ уй раҳбарининг маслаҳатчиси расмий мақомига эга бўлди. Бу АҚШ тарихида давлат раҳбарининг яқин қариндоши унинг маслаҳатчиси этиб тайинланганига мисол бўлувчи илк ҳодиса. Бу йил ҳукуматдагиларга қариндош-уруғларини лавозимларга жойлаштиришни тақиқловчи махсус қонун қабул қилинганига 40 йил бўлади, бироқ қонун АҚШ президентига таъсир қилмайди.

Отасининг сайловолди кампанияси даврида унга ёрдам берган Иванка Трамп энди расман президент маслаҳатчиси ҳисобланади. Оқ уйнинг ўзи бу ҳақда расман хабар тарқатган. Энди Америка президентининг қизи унинг мамлакат раҳбарияти билан йиғилишларида ҳамроҳ бўлади, бунинг учун унга махсус рухсатнома ҳам берилади. Иванка Трампнинг айтишича, у "барча федерал хизматчилар бўйсунувчи қоидаларга амал қилиш учун" Оқ уйнинг ходимаси бўлган.

Трамп хонимнинг айтишича, у бу ишида текинга ишлаб беради. Ўзининг янги роли мисли кўрилмаган воқеа бўлишини ҳам у алоҳида қайд этиб ўтди.

Президентнинг фарзандлари Оқ уйда расмий иш бошлагани АҚШнинг энг янги тарихида шу пайтгача учрамаган эди. Бироқ, экспертлар Трамп президентлигининг ўзи ҳам одатдагидан ўзгача, дея баҳолашмоқда, чунки у президентлик маъмуриятининг кўплаб ёзилмаган қонунларини мудом инкор этиб келмоқда.

The New York Times газетасининг ёзишича, Иванка Трампнинг бу лавозимга тайинланиши "Трамп учун куёви ва қизининг хайрихоҳлиги қай даражада муҳим эканлигини формал тан олиш" эканлигини билдиради.

Шундай қилиб, президент Трампга энди унинг ўзидан фарқли равишда, миграция ва озчиликлар ҳуқуқлари масаласида либерал қарашларга эга бўлган эр-хотин Трамп-Кушнер жуфтлиги маслаҳат бериб туради.

Боз устига, уларнинг иккиси ҳам Демократик партия сайловчилари ҳисобланишади. Бу эса  Дональд Трампнинг жамоасида Стив Бэннон каби ультраконсерватив маслаҳатчиларига қарши мувозанатни тиклайди.

 

Шуҳратпарастлик намойиши

Оқ уйда қариндошларнинг ишга олинишига расман тақиқ йўқ, чунки президент ҳокимиятнинг бошқа бўғинидаги мулозимлардан фарқли ўлароқ, лавозимга тайинланишида алоҳида эътиборга молик ҳуқуқлар билан таъминланади.

Бу ҳақда январь ойида Трампнинг куёви Жаред Кушнер маслаҳатчи этиб тайинланганлиги қонунга мос келиш-келмаслиги ҳақидаги масала кўтарилганда АҚШ адлия вазирлиги маълум қилган эди.