Жамият | 16:54 / 02.04.2017
130120
5 дақиқада ўқилади

«Ўқитувчига осилмаган сен қолувдинг ўзи!». Журналист ўзига тупурганда

Таниқли блогер ва журналист Беҳзод Қобулов ўз блогида «Сабабларнинг сабаблари» номли мақоласини жойлаштирди. У бу сафар телевидениеда ўзгаришлар рўй беришини кутиб ҳафсаласи пир бўлгани, тележурналистлар ҳам танқид қилиш керак экан деб бечора ўқитувчини нишонга ола бошлаганини афсус билан баён қилган.

Нималар дейишмайди-я, бу одамлар... Шу кунларда Қашқадарёдаги бир мактаб ҳақида «Маданият...» каналида узатилган танқид қизғин муҳокама қилинаяпти.

Мазкур видеони кўрарканман: «Бу журналист гўлми ёки ўзини меровликка олаяптими?», деб ўйладим. Маданият каналими ёки маданиятсизликми? Мактабда конференция бўлаётган бир пайтда ўқитувчини хонадан излаш мантиқққа тўғри келадими, хоним? Ўзингиз ҳам мактабда аёллар байрами ёки Наврўз нишонланганда қаққайиб дарсда ўтирмагандирсиз? Бундай пайтда ҳамма ҳовлида юради, ҳеч қанақасига дарс бўлмайди! Бунда ўқитувчи айбдор эмас!.. Матнни мудҳиш бир алфозда ўқиб, бу ҳолат «кишини ўйлантиради», «кишини хавотирга солади», «кишини ундоқ-мундоқ қилади» деб жаққушлик қилган журналист йигит ҳам анойироқми, дейман. Оғайни, ўқитувчини намунча титкилайсан, унга осилмаган сен қолувдинг ўзи! Сен ўзинг кишини аҳмоқ қилаяпсан-ку... Аслида, дарс ўтилаётган бинони, шароитни кўриб, ўша қашқадарёлик ўқувчию устозларни бирма-бир қучиб йиғлагинг келади-ю, уларга ҳайкал қўйиш керак-ку!.. Гап нимадалиги, муаммони уларнинг ўзи ичкин бир ўксиклик билан айтиб турибди-ку!

Бугун – матбуотга танқид учун рухсат берилган, давлат раҳбарининг ўзи буни талаб қилиб турган бир пайтда, латтачайнар журналистлар «Бисмилло» деб, ойнага қараб, ўзига тупуришни бошлади. Елкасидаги яғири ҳали битмаган, каттаю кичик ҳашарлардан қўли бўшамайроқ турган ўқитувчига таъна тошларини отиш, мени назаримда, ўзига тупуриш. 

Яна бир қизиқ ҳолат. Икки кундирки, барча сайтларда давлат раҳбарининг видеоселекторда ТВ ҳақида гапирганию, танқидий кўрсатувлар тайёрлаш юзасидан топшириқ берганини ёзишди. Хўп. Шунча яхши гаплар бўлибди, қани, телеканалларимизни бир кўрайликчи, «Ахборот»жон лола сайли яқинлиги ҳақида сўзбўрон бошлайдими ёки «дўллирчи братанлар»ни иқтисод душманлари этиб кўрсатадими, дегандек хаёл келди. Йўқ. Шошма. Ниманидир унутдим. Мени тентакка чиқарсангиз ҳам калламга келган утопияни айтаман. Хуллас, тасаввур қилдимки, шундоқ Телевизорни ёқсам, жонсарак мухбирлар Марказий банкнинг каттасини, Молия соҳаси бошида турганларни йирик планда кўрсатиб: «Пулимизани мақивоссила?» деб саволга тутса... Бир чўчиб, тушимми-ўнгимми, ёпирай, деб нариги каналга олсам, тест марказининг раҳбари «Бункер, калла, РГ, шпаргалка, X вариант учун халқимиздан узр сўрайман», деб ўкиниб, астойдил кўз ёш тўкиб ўлтирган бўлса... Стоп. Бу хаёл. Кечирасиз, бачканалик қилдим. 

Хуллас...
Кеча эфирга узатилган «Ахборот»ни кўриб, кулгим қистади. Президент танқид беринглар деса, буларни топган гапини қаранг. 

Олимадан кўра актрисага ўхшайдиган бир опамиз мактабда номутахасислар дарс ўтишини гапирдилар. Шуми? Шуми бор гап? Бошқа гап йўқми? Кўрган оламшумул муаммоингиз шу бўлдими? Миллий ғоя, маънавият ёки бошқа айрим ижтимоий-факультатив соатлардан номутахасис дарс ўтди дегани, бу дарслар расво бўлди, дегани эмас. Мутахассис сифатида, шуни айтаманки, баъзи номутахассислар «демпинг», «кемпинг», деб ғўнғиллайдиган мутахассислардан тузукроқ дарс ўтади! 

Кейин.., а бу мутахасис деган валломат дипломни чўнтакка уриб, тест марказига раҳмат айтиб, думбаю қазиларга ўралашиб юрган пайтда кимдир қишлоқда қолиб ишлаши керакми, одамлар? Бир омадсиз ёки бир шўртақдиргина қишлоқда, қолгани Тошканма-Тошкан ёки унданам ошган бўлиб юрса, мактабдаги дарсларни Салимаю Ҳалималар бўлишиб олади-да... Воқеларнинг сабаблари эмас, сабабларнинг сабаблари ҳақида гапирилмас экан, тафаккуримиз: «Маҳалланинг вушт-тут қизи, Джамиля» нарига ўтмайди...

Мавзуга оид