Сўнгги вақтларда мижозлар учун кураш шунчалик авж олмоқдаки, сиз қирол ёки малика каби саёҳат қилишингиз учун подшоҳ оиласининг аъзоси бўлишингиз шарт эмас. Ҳамёнда пулингиз етарли бўлса кифоя, сиз ўзингизни эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қилишингиз мумкин бўлади. Дунёнинг турли бурчакларида барпо этилган ғаройиб ва ҳашаматли меҳмонхоналар сизга ажойиб ҳиссиётларни тақдим этиш учун хизматингизга шай.
Қуйида ҳаётингиздаги романтик саёҳатларни ўтказиш имконини берувчи меҳмонхоналар 15талигини тақдим этамиз.

Ashford Castle – Ирландиянинг 13-асрга доир мазкур саройи 75 млн долларлик қайта таъмирлашдан сўнг, янада жозибадор кўриниш касб этди. У ерда бир кеча тунаш учун атиги 488 долларнинг баҳридан ўтсангиз, бас. Ходимлар сизнинг барча инжиқликларингизни муҳайё қилишга шай.

Hôtel de la Cité –жанубий Франциянинг UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудуди ва ўрта асрларда барпо этилган Carcassonne шаҳри оралиғида жойлашган ягона меҳмонхона ҳисобланади. 1909 йилда барпо этилган бинодаги 59та хона икки бинога тақсимланган. Бу ерда бир кеча тунаш камида 225 доллар туради, холос.

Castello di Monterone – тан олиш керак, Италияда қасрсифат барпо қилинган меҳмонхоналар жуда кўп. Аммо, 11-асрга оид Castello di Monterone энг чиройли ва дабдабалиларидан биридир. Перуджиа водийсига қараб турувчи меҳмонхонада 20дан ортиқ атиргуллардан иборат боғ барпо қилинган. Бундан ташқари, турк ҳаммоми хизматга шай. Меҳмонхонада бир кеча меҳмон бўлиш 108 доллардан бошланади.

Leeds Castle – 1119 йили Англияда барпо этилган бу қаср нафақат ўрта асрларга хослиги, балки кўплаб қироллар, хусусан қирол Ҳенри VIII ва унинг рафиқаси арагониялик Екатерина истиқомат қилгани билан ҳам донғи кетган. Бугунги кунда, 500 акрлик ҳудуддаги сарой асосий сайёҳлик мажмуаларидан бири бўлиб, у ерда тунаш имконияти ҳам мавжуд. Бевосита қаср хонасида қолишни истаганлар 180 доллар, ҳовлидаги чайлага 123 доллар тўлаш кифоя қилади.






















