Жамият | 11:43 / 07.04.2017
95098
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов хотирасига бағишланган мақбарани қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди (фото)

Сурат: fb.com/lola.karimova.tillyaeva

Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, юртимизнинг Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президент Ислом Каримов дафн этилган масканда ёдгорлик мажмуаси барпо этилишига оид қарор қабул қилинди. Лола Каримова-Тилляева ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасида Республика комиссияси ҳамда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Бош бошқармаси томонидан Президент Ислом Каримов дафн этилган Ҳазрат Хизр масжиди мажмуаси ҳудудида мақбара қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида маълум қилди.

Айни дамда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан мазкур лойиҳани ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси маркази ва ИКОМОС (Ёдгорлик ва меъморий обидаларни сақлаш Халқаро кенгаш) билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Лола Каримова-Тилляеванинг қайд этишича, Бутунжаҳон мероси маркази ва ИКОМОС ташкилотлари ёдгорлик обидасини қуриш лойиҳаси билан танишиб чиққан. Мазкур халқаро ташкилотларининг мутахассислари 2016 йилнинг декабрь ойида Ҳазрат Хизр масжидига ташриф буюриб, қурилиш ишларини ЮНЕСКО мезонларига мувофиқ ҳолда, яъни Бутунжаҳон мероси объектининг тарихий кўринишини сақлаб қолган ҳолда амалга ошириш борасидаги тавсияларини Ўзбекистонга йўллаган.

Шунингдек, мазкур фотолавҳа орқали мақбаранинг келажакдаги кўринишига оид суратларни кўришингиз мумкин.

Суратлар: fb.com/lola.karimova.tillyaeva

Мавзуга оид