2017 йил 7 апрель куни “Жамият” газетасида “Мақсад одамларни иш билан таъминлашми ёки устидан кулиш?” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Ташқи миграция агентлиги билан боғлиқ масалалар ҳақида сўз юритилган. Қуйида ушбу мақола эътиборингизга ҳавола этилади.

Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг маълум қилишича, айни пайтда ўзбекистонликлар дунёнинг ўттизга яқин мамлакатида хусусий меҳнат шартномаси асосида меҳнат қилишмоқда. Бундан ташқари, давлатлараро, ҳукуматлараро келишувлар, битимлар доирасида юртдошларимизнинг Жанубий Корея, Япония, Польша, Россияда ишлашига шароит яратилган. Жумладан, 2006 йили Ўзбекистон ҳамда Корея Республикалари Меҳнат вазирликлари ўртасида Жанубий Кореяга бандликка рухсат бериш (эркин ёллаш) тизими бўйича ишчи юбориш тўғрисида Меморандум имзоланган бўлиб, мазкур келишувга биноан 2007—2016-йиллар давомида 27 минг нафар Ўзбекистон фуқароси Корея Республикасида ишга юборилган. Шундан 17 минг нафари ҳозир меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.

Меморандумга асосан Жанубий Кореяда ишлашга борувчиларга нисбатан бир қанча талаблар қўйилган. Хусусан, номзодлар 19—39 ёшда, соғлом, судланмаган, муқаддам Корея Республикасида чиқариб юборилмаган бўлиши ҳамда корейс тилини сўзлашув ва фикрини тушунтира олиш даражасида билиши лозим. Номзодларнинг корейс тилини билиш даражаси корейс тили бўйича ўтказиладиган тест синовлари орқали аниқлаштирилади. Бу Корея томонининг талабидир.

Мана, бир неча йилдирки, корейс тили бўйича ўтказиладиган тест синовлари юртдошларимизнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлиб келади. Ўтган вақт давомида тест синовларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни пуллаш, имтиҳон натижалари сохталаштириш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш каби кўплаб нохушликлар кузатилган ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қонунбузарларнинг жиноий қилмишларига маълум маънода чек қўйилган эди. Ана шу муаммолар, шунингдек, турли қаллоблик ва фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида рўйхатга олиш ва тест тизими электронлаштирилди. Бироқ бу ҳам масаланинг ечими бўлди, деб айтолмаймиз. Айниқса, жорий йилги синовларда кузатилган камчиликлар буни яққол кўрсатиб берди.

ТЕХНИК КАМЧИЛИКЛАР

“Жанубий Кореяга бандликка рухсат бериш (эркин ёллаш) тизими бўйича ишчи юбориш тўғрисида”ги Меморандумга асосан тест синовларида қатнашувчиларни рўйхатга олиш Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги зиммасига юклатилган. Шунга кўра 2017 йилнинг 22 март куни агентлик расмий сайтида Кореяга ишга бориш истагида бўлган фуқаролар онлайн рўйхатга олиниши ҳақида хабар қилинди. Хабарда рўйхатга олиш икки босқичда ўтказилиши айтилган бўлиб, 27-28 мартга мўлжалланган биринчи босқичда номзодлар онлайн равишда анкета тўлдириши, 29-30 март кунлари бўладиган иккинчи босқичда эса корейс тилидан онлайн савол-жавобда иштирок этиши белгиланганди. Шундай бўлди ҳам.