Жаҳон | 00:19 / 16.04.2017
13114
3 дақиқада ўқилади

Туркия конституциясига таклиф қилинаётган ўзгартиришлар

16 апрелда Туркияда мамлакат тарихида 7-маротаба референдум бўлиб ўтади. Референдумда Туркия фуқаролари конституциядаги 18 моддага ўзгартириш киритилиши бўйича овоз берадилар.   

1961, 1982, 1987, 2007 ва 2010 йиллардаги конституциявий референдумларда Туркия фуқаролари асосий ҳужжатга таклиф қилинган ўзгартиришларни қўллаб-қувватлашган, бироқ 1988 йилдаги референдумда ўзгартиришлар рад этилган.

Жорий референдумга қўйиладиган асосий масала Туркияда президент бошқаруви тизимининг киритилиши бўлади.

Ушбу референдумда Туркияда очиладиган 167140 сайлов участкасида 55 млн 319 минг 222 турк фуқароси овоз бера олади. Бундан ташқари, турмаларда яна 461 та сайлов учаткаси ташкиллаштирилади. 

Фуқаролар ўзлари бириктирилган сайлов участкалари қаерда жойлашганини Олий сайлов комиссияси сайти – www.ysk.gov.tr орқали билишлари мумкин бўлади. 

Конституцияга таклиф қилинаётган ўзгартиришлар

Туркия конституциясига 18 та ўзгартиришни киритиш қонунига кўра, агар ўзгартиришлар қўллаб-қувватланса, президент бошқаруви шаклига ўтилади, парламент депутатлари сони 550 нафардан 600 нафаргача оширилади, парламентга сайланиш учун ёш чегараси 25 ёшдан 18 ёшгача туширилади.

Туркия парламенти – Буюк миллий йиғилишга ва президент лавозимига сайловлар ҳар беш йилда айнан бир кунда ўтказилади. Сайланган президент сиёсий партиясидаги аъзолигини сақлаб колиши мумкин бўлади.

Президент лавозимига сайловларга охирги парламент сайловларида 5 фоизлик ўтиш чегарасидан ўтган сиёсий партиялар фракциялари якка ҳолда ёки коалицияга бирлашиб, ёхуд 100 минг сайловчининг имзосини тўплай олган шахслар ўз номзодларини қўя оладилар.

Президент фаолиятининг тергов қилиниши парламент депутатлари умумий сонидан мутлақ кўпчилик томондан қўллаб-қувватланганда бошланиши мумкин бўлади. 

Вице-президентлар ва вазирлар президент томондан тайинланади ва бўшатилади.

Вазирликларни яратиш ва тугатиш, уларнинг мажбуриятлари, ваколатлари, таркиблари, марказий ва ҳудудий таркиблари президент қарорига кўра шакллантирилади.

Қайта сайловлар ўтказилиши ҳақидаги қарор депутатларнинг бешдан уч қисми томондан қабул қилинади. Акс ҳолда навбатдан ташқари парламент ва президентлик сайловлари ўтказилади.

Агар навбатдан ташқари сайловларни ўтказиш ҳақидаги қарорни президент қабул қилса, парламент ва президентлик сайловлари бир кунда ўтказилади. Агар парламент томондан президентнинг иккинчи президентлик муддати вақтида қайта сайловлар ўтказиш қарори қабул қилинса, унда амалдаги президент бу лавозимга яна бир марта сайланиши мумкин.

Конституциявий суд ҳакамлари сони 17 нафардан 15 нафаргача қисқаради.

Тузатишларга кўра, яқин орадаги парламент ва президентлик сайловлари Туркияда 2019 йил 3 ноябрда бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид