Куни кеча интернет нашрларда жорий йил 7 майда Тошкент шаҳрида татуировка фестивали ўтказилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шу хабарни ўқидиму татуировка ҳақида  айрим мулоҳазаларни бўлишгим келди. Хулосани эса кейин гаплашамиз.  

Қадимда Япониянинг Хокайдо оролидаги абориген аёллар ўз тана аъзоларига турли хил кўринишдаги суратларни игна орқали ранг бериб безашган. Хусусан, юзлари, лаблари, қовоқлари нафис безаклар билан безатилган. Бу билан улар оилавий аҳволи ҳақида хабар берган, яъни фарзандлар сони, жисмонан чиниққанлиги ва рўзғор ишларида қобилиятли эканлигини англатганлар. Бу уларнинг ўтмишидаги миллий ўзига хослигидир балки, лекин бизнинг ўтмишимиздаги миллий ўзига хослигимизда бу каби одат, яъни татуировка қилдириш бормиди?

Техник тараққиёт асри деб ном берилган 21 асрда кишилар онгида санъатга нисбатан айрича муносабат шаклланди. Дейлик, аслида инсонни таҳқирлашдан лаззат олишни ўзининг йўналиши деб белгилаган садизмга хос бўлган, амалда эса ёшлар ўртасида урфга айланаётган айрим номутаносиб хатти-ҳаракатларга қўштирноқ ичидаги замонавий “фикр эгалари” гўзаллик дея таъриф бераяпти. Хусусан, кўча-кўйда инсон назари тушса, гуноҳ саналадиган аъзоларга нақшли гул ёки кўп қиррали юлдуз акси туширилган суратни кўз кўз қилиб юрган йигит қизларимизга кўзимиз тушади. Бу айни глобаллашув жараёнининг меваси эканлигига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. Шу нуқтаи назардан, бир қатор саволлар ҳаммамизни ўйга толдириши табиий...

Ҳозирги кунда ёшларимиз орасида оммалашиб бораётган татуировка оқибатида 22 хил рак касаллиги билан хасталаниш мумкинлигини ёшларимиз билишармикин? Татуировка қилдириш аслида аҳлоқий бузуқ олам вакилларининг тимсоли эканлигини-чи? Ёки ўз дунёқараши билан ўлимнинг ҳаётдан устун туришини олға сурадиган маънавий бузуқ бўлган гот ва эмоларнинг ташқи кўринишидаги белгилар эканлигини биламизми? Татуировканинг ҳар бир сеансида тахминан тери остига минг марта игна кириши билан инсон соғлиғига жиддий хавф солинишини тушуниб етяпмизми? Бундай қизиқиш ва ҳаракатлар замирида нима яширинганлигини-чи?

Қадимда Янги Зеландияда “майори” қабиласи мавжуд бўлиб, тату ниқобини “мокко” сўзи орқали талқин этишган. Улар ўз жангчиларининг юзини тату ниқоби билан безатишган. Ўша жангчи қазо қилган тақдирда эса олий ҳурмат-эҳтиром сифатида унинг юзи кесиб олиниб, нодир ашё сифатида сақланилган.

Греция ва Римда эса маҳбусларнинг қамоқдан қочишларига қийинчиликлар туғдириш мақсадида уларнинг юзларига ҳар хил расмлар солишган. XVII-XIX асрларда Японияда жиноятчиларга жазо сифатида “кучук” маъносини англатувчи иероглифларни жиноятчилар танасининг турли қисмига муҳрлашган. Таъбир жоиз бўлса, бундай ҳаракатларни ҳозир ҳам учратиш мумкин, яъни, жиноятчилар танасига туширилган татуировкалар унинг жиноят оламининг ёзилмаган қонунларидаги мавқеини ифодалайди. Масалан: пичоқ сурати шавқатсиз ва қасд олувчи маъносида.