Ўтмишда сил касаллигига йўлиққан инсон молиявий аҳволи ва ёшига қарамай, ҳаётдан кўз юмарди. Бугун эса бу касаллик ўтмишдаги каби қўрқинчли эмас. Тиббиёт соҳасида эришилаётган барча ютуқларга қарамай, уни сезмай қолиш мумкин, йўқотиш қийин, унутишнинг эса иложи йўқ. "Лайфхакер" сил касаллиги ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди.
Сил - нима?
Сил касаллиги — бу ҳаво-томчи инфекцияси. У кўпинча ўпкага зиён етказади, лекин бошқа органлар: суяклар, тери, ичакка ҳам "ҳужум" қилиши мумкин. Касалликнинг юзага келишига Mycobacterium tuberculosis бактериялари сабабчидир. Улар муайян соҳаларда яллиғланишни келтириб чиқаради, натижада тўқималарда тугунлар ва некроз ўчоқлари (яъни ўлик тўқималар) ҳосил бўлади. Улар туфайли органлар нормал ишлай олмайди, организм эса умумий интоксикация билан жавоб қайтаради.

Агар иммунитет ёки дори-дармонлар касалликни вақтида тўхтатмаса, инсон ҳаётдан кўз юмиши ҳам мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) кўра, сил касаллиги бутун дунёда кенг тарқалган ўлим сабаблари ўнлигига киради.
Сил касаллиги қандай ва қаерда юқиши мумкин?
Инфекциянинг асосий ўчоғи — бемор кишилар. Шундай бўлса-да, касалликнинг жониворлардан юқиш эҳтимоли ҳам мавжуд.
Атрофда касаллар қанча кўп бўлса, инфекцияни юқтириш хавфи шунча юқори бўлади.
Йирик шаҳарларда жамоат жойларида бундай беморларга тўқнаш келиш ҳеч гап эмас.
Беморларнинг аксариятида касалликнинг ёпиқ шакли учрайди, яъни бактериялар организмни кемириб боради, лекин атроф-муҳитга ажралмайди.
Силнинг очиқ шакли эса атрофдагилар учун (беморларнинг ўзи учун ҳам) жуда хавфли ҳисобланади, шунинг учун уни шифохонада даволаш зарур. Силнинг очиқ шаклидан азият чекувчи кишилар билан узоқ вақт мулоқотда бўлиш - катта хавф.
Сил касаллигига дучор бўлиш хавфи юқори бўлган жойлар - одамлар яхши овқатланмай, гигиенага риоя қилмайдиган тор, совуқ, зах иншоотлар. Бу - нафақат қамоқхоналар, балки шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда ҳам шундай шароитда яшайдиганлар талайгина.
Атрофда беморлар кўп бўлса, касаллик юқиши муқаррорми?
Йўқ. Шундай бўлса-да, инфекция юқиши - бу ҳали касаллик эмас. ЖССТ маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар учинчи кишида Mycobacterium tuberculosis бўлар экан, лекин микроблар ҳар доим ҳам ўзини намоён қилмайди. Силнинг организмда бактерия яшовчи фаол шакли билан касалланиш имкони - 10 фоиз.














