Автоишлаб чиқарувчилар бўлмиш Қозоғистон ва Ўзбекистон нафақат рақобатчилар, балким ҳамкорлар бўлиши ҳам мумкин. Қозоғистондаги ОАВда ҳар икки мамлакат автосаноати солиштирилиб, айни пайтдаги вазият ва истиқболлар ҳақида фикр юритилди.
Марказий Осиёда автомобиль саноати Қозоғистон ва Ўзбекистонда мавжуд. Шу сабабли Осиё бозорлари учун асосий кураш минтақанинг шу икки давлати ўртасида бўлиб ўтади. Республикалардаги бу соҳа нечоғлик муваффақиятли эканлиги ўрганишга лойиқ масала. Боз устига, Тошкентга ҳам, Остонага ҳам бу соҳада бир бирига кўрсатиши мумкин бўлган нарсалар бисёр.
Ўзбекистон автосаноатидан нималарни ўрганиш мумкин?
Биринчидан — узоқ муддатли режалаштириш омили. Ўзбекистонда автомобилсозлик саноати ўзи алоҳида соҳа қилиб ажратилган ва стратегик муҳим соҳа статусига эга. Шу сабабли Тошкент бугун автомобилсозлик саноатини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга оширмоқда.
Қозоғистонда автосаноат янада кенг миқёсли лойиҳаларга интеграция қилинган. Агар у аввалига 2010–2014 йилларда машинасозликни риавожлаштириш Дастури доирасида ривожланган бўлса, кейинчалик жараён 2015 йилгача бўлган Транспорт стратегияси, яъни нафақат автомобилсозлик, шунингдек, темир йўл, шаҳар, йўловчи, ҳаво ва сув транспортларини қамраб олган лойиҳани ҳисобга олиб, ривожлана бошлади. Шундан сўнг автомобилсозлик саноати Қозоғистон Республикасини 2015–2019 йилларда саноат-инновацион ривожлантириш дастурига бир элемент сифатида қўшилди.
Иккинчидан — ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш (локализация) даражасининг пастлиги. Ўзбекистонда автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ўнлаб корхоналар тузилган. Бугунги кунда деталларнинг 60 фоизга яқини мамлакат ичида тайёрланмоқда, Қозоғистонда эса бу кўрсаткич 2 баробар кам — 33 фоиз.
Бугун Ўзбекистон автомобилсозлик соҳаси "Ўзавтосаноат" АЖ таркибига кирувчи 200 дан зиёд корхона ва ташкилотларни қамраб олган. Бундан ташқари, компания таркибига бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 25 та йирик ва 160 дан зиёд майда ишлаб чиқарувчилар киради.
Учинчидан — автосаноатнинг турдош соҳаларга ижобий таъсири. Маълумки, автомобилсозликнинг ривожланиши иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига мультипликатив таъсир ўтказади. Масалан, автомобиль саноатида биргина янги ишчи ўринининг яратилиши турдош соҳаларда 3 тадан 11 тагача янги ишчи ўринларининг яратилишига сабаб бўлади. Гап металлургия, кимёвий, текстил саноатлари, шунингдек, эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш, транспорт ва хизмат соҳаси ҳақида бормоқда.















