Жорий йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида одамларни рози қилиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг замон талабларига жавоб берадиган механизмини яратишга қаратилган ислоҳотлар аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши баробарида, барча жабҳада ташаббускорликка ундамоқда.

Биргина Қашқадарё вилоятида ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган улкан яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари натижасида 2016 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14 трлн. 897 млрд. сўмни ташкил этиб, 105,9 фоиз ўсишга эришилди. Бунда кичик бизнеснинг улуши 51,7 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 104,2, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 106,5 фоизга етди.  

Маълумки, Қашқадарё вилояти экспорт салоҳияти юқорилиги жиҳатидан мамлакатимизнинг етакчи ҳудудларидан ҳисобланади. Бу ерда энг илғор технологиялар билан жиҳозланган кўплаб саноат корхоналарида маҳаллий хом ашё ва ресурслар негизида импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Президентимизнинг 2016 йил 23 декабрдаги қарорига асосан эса, 2017 йилда Қашқадарё вилояти ва туманларининг экспорт салоҳиятини юксалтириш мақсадида ҳудудий корхоналарда 15 та лойиҳани амалга ошириш бўйича Инвестиция дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, йил охиригача 13,1 млн. АҚШ долларилик инвестициялар, шу жумладан, 9,8 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинади. Пировардида 140 та иш ўрни очилади.

Экспорт таркибида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улуши ортиб бораётгани, айниқса, эътиборга молик. Мисол учун, 2016 йилда ҳудудда 1 миллион 348 минг тоннадан зиёд сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари, мева ҳамда узум етиштирилган бўлса, шундан 672 минг долларлик қисми экспортга йўналтирилди. Жорий йилда эса ушбу кўрсаткични янада юксалтириш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

— Ҳозиргача мавжуд савдо шартномаларида кўзда тутилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисмини хорижликларга етказиб бердик, — дейди Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз мева-сабзавот” агрофирмаси раҳбари  Саиджон Шокиров.

— Эндиликда Россияга ёнғоқ, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга мош юбораяпмиз. Бундан ташқари, корхонамизда пишиқчилик мавсумида териб олинган катта миқдордаги олма ва олхўрини табиий усулда қуритиш йўлга қўйилган. Ушбу маҳсулотларга талабгорлар кўп. Шу боис келгусида Хитойдан мева қуритиш ва пластмасса қути ишлаб чиқариш линиясини келтириш, совитиш камерасини ўрнатишни мўлжаллаб турибмиз. 

Вилоятда, шунингдек, чорвачилик тармоғини янада ривожлантиришга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш учун мингдан ортиқ фермер хўжаликлари қорамолчилик, эчкичилик, қўйчилик, йилқичиликка ихтисослаштирилган бўлиб, уларда ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, наслчиликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти.