Бирлашган Араб Амирликларида Roads and Transport Authority давлат ташкилоти сўнгги уч йил давомида автомобиль рақамлари бўйича кимошди савдоларда 38 миллион 400 минг доллар ишлаб топди. Қуйида қандай автомобиль рақамлари қимматроқ туриши ва уларни кимлар харид қилиши ҳақида қизиқарли маълумотлар берилади.

Айни кунга келиб, савдолардаги рекорд нарх 14 200 000 долларни ташкил этади: 2008 йилда Абу Заби амирлигининг 1 рақамли автомобиль рақами Саид Абдул Жафар Ал Ҳури томонидан харид қилинган ва у рақамни ўзининг Bugatti Veyron машинасига илиб қўйган. 

БААдаги бошқа амирликлар Абу Забидан ҳажми бўйича ҳам кичикроқ, ҳам бир қадар «камбағалроқ». Масалан, Шаржа амирлигида шундай рақам 4 900 000 долларга сотиб олинган. Гап шундаки, бу исталган автомобилдан барибир қимматроқдир. Худди ўша «Вейрон»лар 450 нусхада чиқарилган, 1 рақами эса – ҳозирча битта.

Икки сонли рақам бир қадар арзонроққа тушади - 500 000 дан 2 000 000 долларгача. Уч сонлилар орасида эса автомобиль моделлари индекси анча оммабоп: 488 (худди шу номдаги Ferrari модели каби), 911 (Porsche), 918 (яна Porsche), тўрт сонлилар эса туғилган йил ёки Амирликларда уч йилдан сўнг ўтказиладиган Экспо-2020 бутунжаҳон кўргазмаси санаси билан боғлиқ тарзда харид қилинади.

Бундан ташқари, анча кулгили вазиятлар ҳам учраб туради – масалан, инсон рақамни харид қилади, дастлабки пулларни тўлайди, бироқ лотнинг тўла қийматига маблағи етмай қолади. Ўтган йилнинг ноябрида Абдулла Ал Маҳри исмли шахс Абу Заби амирлигининг битта рақамли автомобиль белгисини 8 400 000 долларга сотиб олди ва аукциончиларга ўзида аслида йўқ бўлган суммали чекни берган.

Ал Маҳри рақамни қандайдир йўл билан қайта сотиб, шу тариқа тўловни амалга оширмоқчи бўлган, бироқ Roads and Transport Authority унга лотни бермади ҳамда ишни судга оширди.

БААда рақамлар сотувида аста-секин манфаатдор шахсларнинг алоҳида доираси шаклланиб қолди. Улар нафақат ўз мақомларини оширишмоқчи, балки бизнес-шериклар кўз ўнгида ҳам ўз ҳурматлари даражасини кўпайтиришни мақсад қилганлар.

Ноёб рақам белгилари қиймати ҳозирча фақат кўтарилмоқда, ҳамда инвесторлар уларни автомобилга осишга шошилаётгани йўқ – бу нархни тушириб юбориши мумкин.

Ушбу бозордаги машҳур сотувчилардан бири Абдулла Ал Ҳаммади етти минг рақам белгисига эгалик қилади, уларнинг умумий қиймати эса 19 000 000 миллион доллар атрофида. Яқинда у “атиги” 3 200 000 долларга сотиб олган рақамини 7 600 000 долларга сотиб юборди.