Жаҳон | 16:46 / 21.04.2017
9755
3 дақиқада ўқилади

Назарбоев Остона шаҳрининг ҳозирги аҳволини кескин танқид қилди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остона ҳокими Асет Исекешевдан шаҳарнинг чекка қисмларида тартиб ўрнатишни талаб қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Қозоғистон.

Қозоғистон президенти режалаштирилаётган ЭКСПО кўргазмасига атаб жума куни ташкил этилган йиғилишда пойтахт шаҳардаги замонавий бинолар ёнида чиқиндихона ва харобалар тасвирланган фотосуратларга изоҳ бера туриб, шундай деди: "Туристлар айнан ўша ерларга боради, суратга олишади ва салбий фикрларни билдиришади!".

Давлат раҳбари ноқонуний равишда қурилган иншоотлар, эскирган уй-жойлар бўлган ҳудудларни бузиш бўйича ишларни фаоллаштиришни талаб қилди.

"Керак бўлса, тартиб ўрнатиш учун маблағлар ажратиш керак, ҳозир ЭКСПО туфайли бунга имконият бор – тозалаш керак. Шаҳар марказий туманларини эскирган уй-жойлардан озод қилиш лозим. Агарда бунинг учун парламентда махсус қонун қабул қилиш керак бўлса, келинг уни киритамиз. Сабаби пойтахт – бу мамлакатнинг юзи", - дея қўшимча қилиб ўтган у.

Шунингдек давлат раҳбари фуқароларни рўйхатга олишни тартибга солишни ҳам талаб қилди.

"Жануби-Шарқдаги бир хусусий уйда 1 700 дан ортиқ киши прописка қилинган, Остонада эса 200 дан кўпроқ шундай резинали хонадонлар аниқланди, бу уйда прописка қилинганлар – ўша ерда яшамасликлари аниқ, улар фақатгина пойтахтдан уй-жой олиш илинжида!", - деди Назарбоев.

"Меҳмонларни қабул қилар эканмиз, бунга тайёргарлик кўриш керак! Ташқи кўриниш билан ким шуғулланмоқда? Президент саройи олдидаги плиткалар тушиб кетмоқда – ҳеч ким эътибор ҳам бермайди...Баъзи қурувчилар қурилиш чиқиндиларини ҳам олиб чиқиб кетишмайди", - деган давлат раҳбари.

У Остона ҳокими Асет Исекешевга мурожаат қилди: "Сени, собиқ инвестициялар ва ривожланиш бўйича вазирни, мен шаҳарни намунали қилишинг учун шу лавозимга тайинладим, энди ўз ишингни бажар, ҳамма имконият сенда бор!".

Унинг эслатишича, сўнгги бир неча йил давомида унга тирбандликнинг олдини олувчи “ақлли” светофорлар ҳақида кўп бора гапиришган, бироқ Назарбоевнинг таъкидлашича, тирбандликлар барибир сони камаймаган.

"ЭКСПО-2017" халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси Остона шаҳрида 2017 йилнинг 10 июнь-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Тадбирда 100га яқин давлат вакиллари иштирок этиши мўлжалланган.

Мавзуга оид