Франция пойтахти Париж шаҳридаги Елисей майдонлари яқинида қуролланган шахс полиция ходимларини отиб ташлади. Натижада бир полициячи ҳалок бўлди, яна икки нафари жароҳат олди. Баъзи маълумотларга кўра, иккинчи ҳуқуқ-тартибот ходими ҳам ҳаётдан кўз юмган. Ҳужум қилувчилардан бири куч тузилмаси ходимлари томонидан ўлдирилди, бошқаси эса яширинишга муваффақ бўлди, у айни вақтда қидирилмоқда. Ҳодиса жойи ўраб олинган.

Ҳодиса кеча кечки пайт рўй берган. Франция ИИВ расмий вакили Пьер-Анри Бранденинг хабар беришича, жиноятчи ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини аниқ нишонга олишга ҳаракат қилган.

«Ҳужум қилувчи патруль хизмати экипажи машинаси ёнига келган, автомобилдан тушган ва полиция ходимларини ўққа тутган. Шундан сўнг у яширинишга ҳаракат қилди, бироқ йўқ қилинди», - дея ИИВ вакили сўзларини келтиради ТАСС.

Бундан ташқари, полициянинг хабар беришича, ҳужум қилувчилар икки киши бўлган. Иккинчи жиноятчи ҳақида расмий маълумот ҳозирча йўқ. BFM-TV телеканалининг хабар беришича, иккинчи жиноятчи Елисей майдонлари ҳудудидаги ер ости автомобиль тураргоҳларидан бирида яширинган бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, ҳужум қилувчи шахснинг ҳамтовоғи Парижга Бельгиядан келган. 

Бундан ташқари, ҳужум қилган шахс ўз режалари ҳақида аввалроқ Telegram мессенжерида огоҳлантиргани ҳақида маълумот ҳам пайдо бўлди. Ҳукумат фуқароларга Елисей майдонларига яқин вақт ичида бормасликни тавсия қилди. 

Ассошиэйтед Пресс’нинг ўз манбаларига асосан хабар беришича, ҳужум қилганнинг шахси аниқланган. У 39 ёшда бўлган. Агентлик маълумотига кўра, полиция унинг Шель шаҳридаги уйида тинтув ўтказмоқда. Манба маълумотига кўра, ҳужум қилувчининг исми Карим Шофи.

Бироқ Франс Пресс агентлиги ҳужум қилган шахснинг исми Абу Юсуф ал Белжики ("Бельгиялик") бўлиши мумкинлигини ҳам маълум қилган.

Париж шаҳри прокурори Франсуа Моленс ҳужум қилган шахсни террорчи, деб атади. “Кечки соат 20.50да қуролланган шахс полициячиларга қарата ўт очди, натижада бир киши ҳалок бўлди ва икки инсон яраланди. Террорчи йўқ қилинди”, - дея маълум қилди Моленс.

Прокурор ҳам эркакнинг шахси аниқланганини таъкидлаб ўтди, бироқ у ҳақда ҳеч қандай батафсил маълумотларни келтирмади. Шунингдек, у тергов жиноятчининг шериклари бўлгани юзасидан текширув ишларини олиб бораётганини хабар қилди.