2017 йил 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Интерпол” миллий марказий бюроси биносида “Ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар юзасидан” ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилди. Брифинг мақсади ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бобохонов Акромхон изоҳ бериб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрель куни қабул қилинган 5005-сонли “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 12 апрель кунги 2883-сонли “Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 18 апрелда қабул қилинган “Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юзасидан ахборотлар ва шарҳлар берилди.

Шунингдек, матбуот брифингида ИИВ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Адилов, ИИВ Хорижга чиқиш келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Тошхўжаев, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Матбуот бўлинмаси катта инспектори Мансуржон Рихсиев, ИИВ Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник Ўткир Жўраевлар маъруза қилиб, ички ишлар органларида ўтказилаётган туб ислоҳотлар, унинг мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашда муҳим ахамият касб этишини таъкидладилар.
Мустақилликнинг илк йилларида соҳада туб ислоҳотлар ўтказилиб, ички ишлар органларини жазоловчи, назорат қилувчи органдан халқ, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айлантириш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун даражасида белгилаш, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида ўтган йилнинг сентябрь ойида “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Бироқ, фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолиятига доир мурожаатларини ўрганиш – мазкур Қонун талабларини амалиётга жорий этиш имкониятлари, шунингдек, соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммо ва масалалар мавжудлигини кўрсатди.













