Жигар  — инсон танасининг муҳим ички аъзоси бўлиб, касалликларга мойил орган ҳисобланади. 19 апрелда нишонланган Бутунжаҳон жигар куни муносабати билан биз ушбу муҳим органнинг касалланиш сабаблари, хасталик аломатлари ва уларнинг олдини олиш чоралари хусусида билиб олганимиз мақсадга мувофиқдир. 

Жигар инсоннинг катталиги жиҳатидан иккинчи энг йирик ички органидир. У овқат ҳазм қилиш тизимида муҳим ўрин тутади. Биз истеъмол қилаётган барча нарса, ҳатто дори-дармонлар ҳам жигар орқали ўтади. 

У инфекцияларга қарши курашади, қондаги қанд миқдорини меъёрлаштиради, заҳарли моддаларни йўқотади, холестеринни назорат қилади, оқсиллар, овқат ҳазм қилишда ёрдам берадиган ўт суюқлигини ишлаб чиқади. Инсон жигарсиз яшай олмайди, аммо ҳаёт учун муҳим бўлган органни, эҳтиёт чоралари кўрилмаса, осонлик билан зарарлаш мумкин. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жигарнинг зарарланганини билдирувчи аломатлар жуда кеч сезилади. Гепатитнинг А, В, С турлари, жигар саратони ва циррози нотўғри турмуш тарзи, ҳаддан ортиқ алкогол ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, узоқ вақт мобайнида зарарли таомни ейиш, кўп ўтириш ва жисмоний юкламаларнинг мавжуд эмаслигидан келиб чиқади. 

Ҳозирги вақтда, афсуски, жиддий зарарланган жигарни тиклай оладиган малҳам мавжуд эмас. Шу сабабли ушбу кўп вазифаларни бажарадиган аъзо ва ўт пуфаги ҳақида олдиндан қайғуриш зарур. Жигар етишмовчилиги рўй берган ҳолатда, ундан қутулишнинг бирдан бир йўли, янги жигарни кўчириб ўтказишдир. 

Шундай экан, ўз жигарингизни тушуниш ва у ҳақда қайғуриш лозим. Жигар касалликлари сабаблари турлича, ирсий ёки орттирилган бўлиши мумкин:
Хусусан, 

•  Носоғлом турмуш тарзи ва овқатланиш 
•  А, В ва С юқумли гепатит касалликлари
•  Катта миқдорда алкогол ичиш ва холестерини юқори таомни кўп тановул қилиш
•  Иккинчи турдаги қандли диабет билан боғлиқ вазннинг ҳаддан ортиқ оғирлиги
•  Семизлик

Жигар касалликлари ва саратони аломатлари эса қуйидагилардир:

•  Кўнгил айниши ва қайт қилиш
•  Кутилмаганда вазн йўқотиш
•  Иштаҳа йўқолиши ёки озгина таомдан сўнг тўйиш ҳисси пайдо бўлиши
•  Умумий заифлик ва чарчоқ аломатлари 
•  Қорин бўшлиғининг юқори қисмида оғриқ (ўнг томони ёки ўнг курак остида)