Илон Маск — SpaceX, PayPal, Zip2 лойиҳалари сармоячиси ва асосчиси ҳамда Tesla Inc директорлар кенгаши раиси. Унинг компаниялари ходимлари ҳақида vc.ru'да маълумот берилди. 

Суҳбат қандай ўтади?

Эшли Вэнс "Илон Маск. Tesla, SpaceX ва келажакка йўл" китобида Маскнинг илк минг нафар ходими билан, жумладан фаррошлар ва лаборантларгача шахсан суҳбат ўтказгани ҳақида ёзади. Бугунги кунда компания ўсди - энди Илон фақат муҳандисларнигина шахсан суҳбатлашиб ишга олади. Суҳбатга ўтганлар нима учун SpaceX'да ишлашни исташлари ҳақида эссе ёзишади, Маск билан учрашишдан олдин эса эслатма олишади:

“Дастлаб Илон, ҳойнаҳой, кўп гапирмайди, яъни почтага жавоб беришда давом этиб ёки бирор иш устида суҳбатлашади. Ваҳима қилманг, бу нормал ҳолат. Кейин у сиз томон ўгирилади. У кўзингизга қараши ёки умуман сизга эътибор қаратиши аниқ эмас. Ҳайрон бўлманг. Бу нормал ҳолат. Керак пайтда у мулоқотга киришади”.

Суҳбат 30 сониядан 15 дақиқагача бўлиши мумкин. Унда Маск саволлар беради, муҳандислик вазифалари ва бошқотирмаларни бажаришни сўрайди. Вэнснинг ёзишича, Маскнинг севимли топишмоғи бор: “Сиз Ер устидасиз. Жанубга бир миль, ғарбга бир миль ва шимолга бир миллик масофани босиб ўтдингиз. Сиз яна йўл бошлаган жойингизда пайдо бўлдингиз. Сиз қаердасиз?”

Маск суҳбатдошининг жавобидан кўра унга бўлган ёндашувни  кўпроқ қадрлайди. 

Маскнинг сўзларига кўра, интервью вақтида у “номзод дуч келган энг катта қийинчиликлар, уларни қандай енгиб ўтгани ва қандай қарорлар қабул қилгани ҳақида сўзлаш”ни сўрайди. У шундай дейди:

“Инсоннинг бу ишга тўғри келиш ё келмаслигини ҳис қилиш учун одатда шунинг ўзи етарли. Муаммо билан курашган инсон тафсилотларни унутиши жуда қийин. Тафсилотлар ҳақида сўраш мумкин – ҳақиқатда барчасини ўзи енгиб ўтган инсонгина тафсилотларни яхши билади, шунчаки таассурот қолдиришни истаганлар эса, аксинча”.

SpaceX ўз ходимларини энг яхши университетлардан излашига қарамай, суҳбат давомида Маск номзоднинг таълим даражасини устувор ўринга қўймайди. 

“Мен эътибор берадиган жиҳатлар – инсоннинг қандай хусусиятларга эгалиги ва уларни ҳаётда қўллай билиши”.