Россиядаги нодавлат тадқиқот ташкилоти бўлмиш «Левада-центр» аналитик маркази томонидан ўтказилган сўров якунларига кўра, сўнгги 10 йил ичида россияликларнинг меҳнат мигрантларига нисбатан муносабати ёмонлашган.

Сўровда иштирок этганларнинг 32 фоизи мигрантларни билими кам, фақат малакасиз ишларни бажара олишга қодир инсонлар, деб ҳисоблайди. 10 йил муқаддам бундай ҳисобловчилар 28 фоизни ташкил этган. Боз устига, мигрантларни кўп ишлашдан тоймайдиган меҳнатсевар инсонлар (30 фоиздан 26 га), ўз оилалари ҳақида қайғурувчи боқувчилар (38 фоиздан 25 га), деб ҳисобловчилар сони ҳам камайган.

Россияликларнинг 67 фоизи ҳукумат хорижликларнинг келишига тўсиқ қўйиши керак, деб ҳисоблайди. Бу кўрсаткич 2013 йил октябрида (78 фоиз) ва 2016 йил мартида (80 фоиз) максимум даражага кўтарилган эди. Маълум бир мамлакатлардан келадиган мигрантларга нисбатан муносабатларда ҳам ўзгаришлар мавжуд: масалан, Украинадан келувчи мигрантларга ёмон муносабатдагилар сони 9 дан 19 фоизга кўтарилган, Беларусдан — 8 дан 13 га, Марказий Осиё республикаларидан борганларга эса ёмон муносабат 31 дан 38 фоизгача кўтарилган, бироқ Кавказорти республикаларидан келган муҳожирларга муносабат бироз яхшиланган.

Ҳар икки россияликдан бирида меҳнат мигрантларининг ҳар қандай тоифасига нисбатан тоқатсиз муносабат мавжуд, қолган ярми уларга нисбатан бағрикенгроқ, дейди «Левада-центр» ходими Карина Пипия.

Россияликлар, айниқса, Шимолий Кавказ ва Марказий Осиёдан борганларга ёмонроқ муносабатда, сўнгги 10 йилда украиналик меҳнат мигрантларини ёқтирмаслик даражаси ҳам ортган. Бу ҳолатда мигрантларга муносабат россияликларнинг улар келиб чиққан давлатга нисбатан муносабати билан корелляция қилинади, яъни «мигрантофобия» сиёсий омиллар билан ҳам боғлиқ. Социологнинг фикрича, «Украинага нисбатан салбий муносабат шакллантирилса — ўша ердан келган мигрантларни ёқтирмаслик кучаяди, масалан, Гуржистонга нисбатан яхши муносабатдагилар сони ортса — Кавказортидан келаётган мигрантларга нисбатан бағрикенглик даражаси ортади».

Миграцион қартадан бутун дунёда сиёсий ўйин сифатида фойдаланишади, Россия ҳам бундан мустасно эмас, бироқ бошқаларга нисбатан бу устунликдан камроқ фойдаланади, деб ҳисоблайди «XXI аср миграцияси» фонди президенти Вячеслав Поставнин. 

«Мигрантларга нисбатан муносабатларда тебраниш 90-йиллар бошидан буён кузатилмоқда, у ҳар бир жойда бор, аҳолининг катта қисми сиёсатчилар ва ОАВ нима деяётганига қараб ўз фикрини шакллантиради», дейди у. Сўнгги вақтларда Москва, Москва остонаси, Санкт-Петербург ва Ленинград областида Россиядаги жами мигрантларнинг 60 фоизи тўпланганлиги факти муаммо бўлаётлиги ҳақида эксперт шундай деган: «Биз миграцияни назорат остига ололмаётганимиз муаммо бўлмоқда. Тобора Москва ва Санкт-Петербургда ишчи ўринлари учун рақобатлар ортиб боради, бу ҳолда бошқа ҳудудларда ишчи кучи етишмаслиги кузатилмоқда».