Футбол мухлиси Ўзбекистон терма жамоаси кўрсатаётган ўйинлар бўйича мулоҳазаларини билдирди.
«Сурияга қарши тошлоқ майдонда ўйнагандик». Аҳмедов терма жамоа ва Хитойдаги қийинчиликлар ҳақида
Трибуна.уз’нинг “Инстаграм” саҳифасида миллий терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедовнинг журналист саволларига берган жавобини ўқиб, ҳайрон қолдим. Мақола остига ўз фикрларимни қолдирдим, не ажабки, маълум вақтдан сўнг мен қолдирган шарҳлар ўчириб ташланибди. Ҳайрон қолдим ва ўша ерда қолдирган мухтасар фикрларимни кенгайтириб, яна сизлар билан ўртоқлашишга қарор қилдим.
Эътиборимни биринчи бўлиб тортган нарса Одил Аҳмедов Сурия билан бўлган ўйинда тошлоқ майдонда ўйнашгани ва ҳавони ноқулай эканлигини “баҳона” қилгани.
Юқорида айтиб ўтилган суҳбатда билдирилган фикрлар, кимсан Одил Аҳмедовга умуман ярашмаганлигини нафақат мен, балки кўп сонли мухлислар эътироф этишди. МТЖ сардорига ҳурматимни изҳор қилган ҳолда ўз қарашларим билан ўртоқлашсам.
Кези келганда айтиб ўтиш жоиз, мен ва мен каби жуда кўпчилик мухлислар фарзандларимиз Аҳмедов каби машҳур, омадли, қобилиятли, меҳнатсевар ва ватанпарвар (Сурия билан бўлган ўйин ва журналист билан бўлган суҳбат бундан мустасно) бўлишини орзу қиламиз. Одил Аҳмедов даражасига етиш юзлаб, минглаб ва миллионлаб ёшлар ва ота-оналарнинг орзуси.
Зотан, шундай мавқега эга бўлган жамоа сардори ўзига ярашадиган гапларни гапирса обрўсига обрў, ҳурматига ҳурмат қўшилади.
Биз мухлислар ҳам жуда яхши тушунамизки, ҳар қандай кучли жамоа ҳам маълум ўйинларда мағлубиятга учраб туради, бунга тарихдан мисоллар кўп, узоққа бормасдан “Барселона” клубининг Европа чемпионлар лигасидаги кутилмаган натижалари-ю, Бразилияни жаҳон чемпионатидаги аҳволини келтириш етарли. Ёки Англия Примьер-лигасида чемпион жамоа ўз майдонида аутсайдер жамоага мағлубиятга учраб туриши ўта оддий ҳол.
Бинобарин, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бразилия ҳам, “Барселона” ҳам эмас. Бу бизнинг терма жамоа ва ҳар қандай ҳолатда ҳам биз МТЖни севамиз ва қўллаб-қуватлаймиз, шахсий фикрларимга савол бера олиш имкониятидаман.
Демак бошладик: стадион
Одил Аҳмедовнинг айтишича, стадион тошлоқ ва нотекис бўлган. Ана ўша аламли ва кутилмаган мағлубиятни бевосита стадиондан кузатиш бахтига муяссар бўлган кам сонли мухлислардан бири сифатида ва Малайзияда 7 йилдан бери яшашимни ҳисобга олиб, аниқ айта оламанки, сардоримизнинг бу жавоблари ўзларига умуман ярашмапти.















